Жаҳон | 13:20 / 21.08.2022
16521
3 дақиқада ўқилади

Файласуф Дугиннинг қизи портлаш оқибатида ҳалок бўлди. Уни Россиянинг асосий мафкурачиларидан бири деб аташган

«Рус дунёси» мафкураси раҳнамоси деб аталган файласуф Александр Дугин қизининг автомобили Москва яқинидаги шосседа портлаб кетди. Аёл воқеа жойида ҳалок бўлди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, автомобилда Дугиннинг ўзи бўлиши керак эди, бироқ охирги лаҳзада у бошқа машинага ўтирган.

Фото: Twitter / Vasilisa_2_0

Фожиа 20 август куни кечқурун Москва ҳалқа йўлидан 25 километр узоқликда содир бўлган. 29 ёшли Дарья Дугина бошқариб бораётган Land Cruiser Prado йўлда портлаб кетган. Аёл воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари дастлаб автомобилда газ баллони портлаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган эди. Аммо ҳозирда қўлбола портловчи қурилма машина тагига жойлаштирилган деган хулосага яқин туришибди. Агар бу версия тасдиқланса, суиқасд нишони Александр Дугиннинг ўзи бўлгани ойдинлашади.

Ўша куни файласуф ва унинг қизи Москва яқинидаги Захарово қишлоғида ўтказилган «Традиция» фестивалига меҳмон сифатида таклиф этилган. Айнан ўша ердаги автотураргоҳга қўйилган автомобилга портловчи мослама ўрнатилган бўлиши мумкин. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Дугин ва унинг қизи Москвага бирга қайтишни режалаштиришган, бироқ охирги лаҳзада режалар ўзгариб, отаси бошқа автомобилга ўтирган.

Ҳозирда Тергов қўмитаси томонидан «Қотиллик» моддаси билан жиноят иши очилган.

Александр Дугин файласуф ва консерватив публицист, «Рус дунёси» ва неоевросиё мафкурасининг тарғиботчиларидан бири сифатида танилган. У Россиянинг қўшни давлатлар устидан ҳукмронлик қилиши кераклиги, АҚШ ва НАТО таъсирига қарши туриши лозимлиги ҳақидаги ғоялар тарафдори ҳисобланади. Дугин кўп йиллар давомида Москвани жаҳон саҳнасида янада тажовузкор бўлишга чақириб келган.

Ғарб оммавий ахборот воситалари уни замонавий Россиянинг асосий мафкурачиларидан бири, унга Владимир Путин, Кремль расмийлари ва кўплаб амалдорлар қулоқ солади деб ҳисоблайди.

2014 йилда Дугин Украинага қарши кескин баёнотлар билан чиққан, 2 май куни Одессада юз берган фожиали воқеаларни шарҳлаб, «ўлдириш, ўлдириш ва яна ўлдириш»га чақирган эди. У Украинадаги урушни тўлиқ қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Дугин 2014 йилдан буён Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида, 2015 йилдан эса Қримнинг Россияга қўшиб олинишига алоқадорликда гумон қилиниб, АҚШ ва Канада санкциялар рўйхатига киритилган.

Қизи Дарья отасининг мафкурасини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келаётган ва унинг ўнг қўлига айланган эди. Отаси билан бирга у фалсафа ва сиёсатшунослик бўйича маърузалар ўқиган. Дугин асос солган Халқаро Евроосиё Ҳаракатида сиёсий кузатувчи бўлиб ишлаган. Кремлпараст ҳисобланадиган RT ва «Царьград» учун Даря Платонова тахаллуси билан сиёсий мақолалар ёзган.

АҚШ ва Буюк Британия расмийлари уни нотўғри маълумот тарқатишда айблаб, санкциялар рўйхатига киритган эди.

Мавзуга оид