Икки томоннинг ҳам уруш натижасига таъсир кўрсата оладиган йирик юриш амалиёти ўтказиш қобилияти тобора шубҳа остида қолмоқда, шундай экан, ҳозирги мавжуд вазиятни бемалол турғун деб аташ мумкин.

Шу билан бирга, мавжуд фронт чизиғи икки томонни ҳам умуман қаноатлантирмайди – бундай шароитда тинчлик сулҳи тузиш имконсиз. Хўш, унда энди нима бўлади, деган саволга “Медуза” ўз мақоласида тўхталиб ўтди.

Урушнинг давоми бўйича икки вариантни кўриб чиқиш мумкин: ёки можаро музлатилади (бу ҳолатда Москва ҳам, Киев ҳам ютқизиқ позициясида бўлади), ёки томонлардан бири бу турғун вазиятдан чиқиш йўлини топади. Агар иккинчи вариант ҳаётий бўлиб чиқса, янада жиддийроқ эскалацияга олиб келиши мумкин.

Сўнгги ой давомида фронтда нималар бўлди? Россия армиясида ҳеч қандай ютуқ йўқми? Украинларда-чи?

Сўнгги воқеаларни узоқ муддатли оператив танаффус дейиш мумкин.

  • Украин қўшинлари Лисичанскдан чекинганидан кейин Россия армияси ёзги жангларнинг асосий йўналишида Бахмут, Соледар ва Северск ҳудудларида янги мудофаа линиясига дуч келди. Россия армияси Бахмут ва Соледарга яқинлашиб келган бўлса-да, бир ойдан ошиқ вақт мобайнида юқори тепаликларда жойлашган бу линияни ёриб ўтишнинг имкони бўлмади. Бу ерда россияликларнинг юриш суръати кунига атиги бир неча юз метрни ташкил этмоқда.
  • Бахмут жануби-ғарбида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси июл ойи охирида Углегорск ИЭСни қўлга олди, бу ҳудуд бир ойдан ортиқ вақт давомида қамал қилинганди. Аммо август ойи ярмига келиб ёлланма жангчилар Бахмут йўналиши бўйлаб беш километрга яқин масофада илгарилай олган, холос.
  • «ДХР» кучлари эса Донецк аэропорти атрофидаги Пески посёлкасининг катта қисмини эгаллаган. Катта эҳтимол билан, бу Украина қўмондонлиги ушбу ҳудуддаги артиллериянинг бир қисмини бошқа йўналишга ўтказгани, «ДХР» қўшини эса, аксинча қўшимча артиллерия кучларига эга бўлгани туфайли рўй берган. Украина армияси саккиз йилдан ортиқ вақт мобайнида мудофаага тайёргарлик кўрган посёлка ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш бир неча ҳафталик юриш давомида икки километрдан ошмади.
  • Украинанинг Херсонга қарши ҳужуми ҳали ҳам бошланмади. Сўнгги вақтларда Миколавийга ташриф буюрган ғарблик мухбирлар яқинлашиб келаётган кенг кўламли ҳужум аломатларини кўришмаганини айтишган. Улар билан суҳбатда бўлган украин ҳарбийлари эса Лисичанск яқинидан Херсонга олиб келинган қўшимча кучлар РФ армияси ҳужумга ўтишига имкон беришидан хавотирларини билдиришган.