Фото: Getty Images 

Киев вилоятининг Макаров қишлоғида яшовчи, мусиқа мактаби собиқ ўқитувчиси, ҳозирда нафақада бўлган Алла Витковскаянинг уйи март ойидаги жангларда вайрон қилинганди. Руслар Киевни ўраб олиш учун қишлоқни ёриб ўтишга ҳаракат қилдилар ва бу ерда шиддатли жанглар бўлди.

Бу уй 1911 йилда қурилганди. У оиланинг тўрт авлоди томонидан таъмирланди, қайта қурилди, дейди Витковская. Аммо бир неча кунлик жанглардан кейин уйдан ҳеч нарса қолмади.

Фото: Алла Витковская

«Ҳаммаси ёниб кетди – уй, ёзги ошхона, гараж. Иккита ертўла бор эди - бирортаси ҳам қолмади, қорамол ҳам, товуқ ҳам, - деб санаб ўтади у. Ҳозир фақат гуллар очилиб турибди ва синиқ пианино бор холос».

Аёлнинг айтишича, унинг оиласи уйни тиклай олмайди ёки янгисини ҳам сотиб ололмайди. Эри биринчи гуруҳ ногирони, иккиси ҳам нафақада. Улар ҳеч бўлмаганда вагонча ёки вақтинчалик модул-уй олишга умид қилишмоқда.

Витковская уруш туфайли бошпанасиз қолган 3,5 миллион украиналикдан биридир.

Киев иқтисодиёт мактабининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Украинада камида 15,3 минг кўп қаватли уй ва 115,9 минг хусусий уй шикастланган ёки вайрон бўлган. Етказилган зарар ҳажми камида 48 миллиард долларни ташкил қилади ва бу қиймат уруш давом этган сайин ўсиб бормоқда.

«Давлат йўқотилган кўчмас мулкнинг ҳар бир метри учун товон тўлайди», деб ваъда қилган эди президент Володимир Зеленский март ойи охирида украиналикларга.

Жараён бошланди

Украинада вайрон бўлган ва йўқотилган уй-жойлар қандай қилиб ва қанча миқдорда қоплаб берилиши ҳақидаги қонун ҳали ҳам қабул қилинмади. Қонун лойиҳаси 1 апрелда биринчи ўқишда қабул қилинган ва шундан бери иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, «Халқ хизматкори» фракцияси вакили Елена Шуляк ҳужжат август охири ёки сентябр ойи бошида овозга қўйилиши мумкинлигини тахмин қилди.