«2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
2023 йилдан бошлаб ҳар йили ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида АКТни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан умумий мукофот жамғармаси 1 млн доллар бўлган Президент соврини учун танлов ўтказилади.
Ҳужжатга кўра, 1 сентябрдан бошлаб республика барча ҳудудларида АКТни қўллаш орқали масофавий хизматларни экспорт қилиш марказлари босқичма-босқич ташкил этилади.
1 октябрдан АКТ соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида 1 млрд сўмгача бўлган грантлар ажратиш тартиби жорий қилинади.












