Самарқандда 17 ёшли ўсмир Telegram мессенжерида сохта акция ўтказиб, одамларнинг банк картасидаги пулларни ўғирлади.

ИИВ Киберхавфсизлик марказининг хабар беришича, Сурхондарё вилояти Бандихон туманида яшовчи фуқаро ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У аризасида Telegram мессенжери орқали “Техномарт Акция” номли профил эгаси “Samsung  А-72” русумли телефон аппаратини ютиб олдингиз деб, фирибгарлик йўли билан “Ҳумо” банк картасида бўлган 1,5 миллион сўмни ечиб олганини билдирган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида сурхондарёлик фуқаронинг банк картасидан фирибгарлик йўли билан пулларни ечиб олган шахс Самарқанд вилояти, Нарпай туманида яшовчи, 2005 йилда туғилган, вояга етмаган С.У. экани аниқланган.

Суриштирув давомида, С.У. сурхондарёлик фуқародан ташқари яна 27 нафар фуқаронинг банк картасидаги пулларни ўзлаштириб олгани фош этилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Андижон вилоятида яшовчи 8-синф ўқувчиси Telegram мессенжери орқали Омад шоу дастурида пул ютиб олгани тўғрисида хабар бериб, шу йўл билан фуқароларнинг банк картасидги пулларни ечиб олгани хабар қилинганди.