4 мартдан бери у Россия ишғоли остида, лекин ишлашда давом этмоқда ва унда ҳали ҳам украиналик муҳандислар хизмат кўрсатмоқда. Июл ойининг иккинчи ярмидан бери Запорижжя АЭС мунтазам равишда ўққа тутиляпти, бунда урушаётган томонлар бир-бирини айбламоқда. Станция ходимлари дунё ҳамжамиятини «тузатиб бўлмас хатонинг олдини олиш»га чақириб, Россия қўшинлари ундан ўзининг ҳарбий базаси ва Украина ҳужумларидан қалқон сифатида фойдаланаётганини айтишяпти.

Украина энергиясининг бешдан бир қисмини ишлаб чиқарадиган Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) Россия томонидан март ойи бошида, урушнинг иккинчи ҳафтасида тортиб олинди. Станция ва у жойлашган Энергодар шаҳри ишғол қилинишидан олдин, туташ ҳудудлар узоқ вақт давомида рус қўшинлари томонидан ўққа тутилган. Оқибатда, маъмурий бинолардан бирида содир бўлган ёнғин бутун дунёда катта хавотир уйғотганди.

Ҳозирда Россия армияси АЭС ҳудудидан туриб Украина ҳарбийларига қарата ўқ узмоқда. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия украиналикларни ўққа тутиш учун станциядан ҳарбий база сифатида фойдаланаётганини таъкидлади. Чунки россияликлар украинлар бунга жавоб қайтара олмаслиги, ядро реакторига тасодифан зарба беришга ботинолмаслигини тушуниб етган.

Россия армияси станция ҳудудида бир нечта ракета отиш мосламалари, шунингдек, бошқа қурол ва техникаларни жойлаштирган. Москва станцияда ўз ҳарбийлари борлигини тан олади, бироқ станция ҳудудидан ўқ отилаётганини рад этади. Шунингдек, Украинани ядровий иншоотга таҳдид солаётганликда айблайди.

Украина «Энергоатом» раҳбари Петро Котиннинг сўзларига кўра, станция ҳудудида 50 га яқин оғир ҳарбий техника, жумладан портловчи моддалар ўрнатилган «Урал» автомобиллари ва 500 га яқин рус аскари бор.

ЗАЭС ходимларининг айтишича, Россия армияси уларни амалда гаровда ушлаб турибди.

18 август куни россиялик ҳарбийлар назорати остида бўлишига қарамай, станцияда хизмат қилаётган ходимлар дунё ҳамжамиятидан «тузатиб бўлмас хатонинг олдини олиш»ни сўраб, мурожаат қилишганди.

«Иккинчи Чернобил» бўладими?

Запорижжя АЭСдаги эҳтимолий ядро фалокати ва унинг тахминий оқибатлари кўпинча 1986 йилда Чернобил АЭСдаги авария билан таққосланади, бу атом энергетикаси тарихидаги энг катта офатдир. Ўша пайтда реактордаги портлаш оқибатида станциянинг энергоблокларидан бири бутунлай вайрон бўлган, атмосферага жуда кўп миқдорда радиоактив моддалар тарқалганди.

Аммо Запорижжя АЭСни Чернобил АЭС билан таққослаш унчалик тўғри эмас, ҳеч бўлмаганда станцияларда ҳар хил турдаги реакторлар ўрнатилгани сабабли.