26 август куни Сенат Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат навбатдаги ялпи мажлиси доирасида кўриб чиқиладиган қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 64-1-модда билан тўлдирилиб, моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш, моддий маданий мерос объектларига ёзувлар ёзиш, расмлар чизиш йўли билан уларни таҳқирлаш ёки уларга шикаст етказиш, моддий маданий мерос объектларини, улар тарихий, илмий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматига доғ туширувчи ёки уларни масхара қилувчи ҳаракатларни содир этиш, моддий маданий мерос объектларига нисбатан жамоат тартибини бузувчи ҳаракатларни содир этганлик маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида қайд этилиб, жавобгарлик белгиланмоқда.
Жиноят кодекси 168-моддасига ўзгартириш киритилиб, ахборот тизимидан, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик жиноятларини содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Мажлисда “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди. Қонун билан юридик шахсларга электрон рақамли имзодан фойдаланиш имконияти яратилмоқда, давлат хизматлари кўрсатилишида халқаро электрон рақамли имзодан ҳамда Ўзбекистон норезидентларига электрон рақамли имзодан фойдаланишга рухсат этилмоқда.
Сенаторлар, қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи ҳамда қонун ташаббускорлари билан бўлиб ўтган муҳокамалардан сўнг қўмита тегишли қарори қабул қилинди.














