Президентнинг “Маҳаллий маҳсулотларни халқаро талабларга мувофиқлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўсимликлар карантини агентлиги билан биргаликда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида амалга оширилаётган:

“Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасига ажратилган маблағлар ҳисобидан республика агрокимёвий таҳлил марказини 1 млн АҚШ доллари қийматига тенг асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш чораларини кўради;

“Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш” лойиҳаси иқтисод қилинган маблағлари ҳисобидан республика агрокимёвий таҳлил маркази 13 та ҳудудий филиалини 11,4 млн АҚШ доллари қийматига тенг замонавий лаборатория асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлайди.

Ветеринария қўмитаси 2022 йил 1 ноябрга қадар лаборатория текширувлари ягона электрон маълумотлар базаси ахборот тизимини ишга туширади.

Санитария-эпидемиологик ва жамоат саломатлиги хизмати манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

а) бир ой муддатда экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати марказий ва қуйи бўғин фаолиятини йўлга қўяди;

б) 2023 йил 1 январга қадар:

“Озиқ-овқат маҳсулоти сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси янги таҳрири ва “Озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги тўғрисида”ги техник регламент лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Тошкент шаҳрида – 2 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилоятида – 1 тадан лаборатория мажмуаларини халқаро аккредитациядан ўтказиш чораларини кўради;

в) 2024 йил 1 январга қадар республика бўйича 10 та лаборатория мажмуаларини халқаро аккредитациядан ўтказиш чораларини кўради;

г) 2022 йил 30 октябрга қадар Санитария-эпидемиологик ва жамоат саломатлиги хизмати базасида кадрларнинг касбий малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказини ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.