Фермерлар ва кластерлар олдидаги танлов имконияти ошиши албатта яхши, аммо тўғри ва сифатли маҳсулотни танлаш мутахассис бўлишни ёхуд малакали мутахассис маслаҳатини олишни тақозо этади. Акс ҳолда, натижа кутилганидек бўлмаслиги эҳтимолдан холи эмас.

Агрокимё соҳасида фаолият юрувчи Kimyo.uz корхонаси таъсисчиси ва раҳбари Мурод Мажидов ҳамда ушбу корхона бош технологи Асилбек Музаффаров Kun.uz'га берган интервьюсида соҳага доир долзарб масалалар ҳақида сўз юритди.

«Ўғитлардан нотўғри фойдаланиш – илмсизлик оқибати»

Мурод Мажидов:

— Бугунги кунда ўсимликларни кимёвий ўғитлар билан парваришлашга нисбатан салбий қарашлар пайдо бўлган. Масалан, бозорга бориб, тарвузни кессангиз, ўртаси оппоқ бўлиб чиқади, одамлар эса буни кўп селитра ишлатяпти деб қабул қилишади. Лекин бу ўғитлар ҳам ўсимликка керак, муаммо шундаки, ҳар доим ҳам ўғитлардан тўғри фойдаланилавермайди.

Ўғит миқдори кўпайтириб юборилиши ёки бошқа ҳолатларнинг сабаби – илмсизлик. Шунинг учун корхонамиз шиори: «Илмни ҳаётга татбиқ қиламиз».

Бугунги кундаги энг долзарб масала – илм ютуқларидан тўғри фойдаланиш. Илмга асосланмаган фаолият узоққа бормайди.

Бир дўстимиз айтиб қолди. Чет элдан Ўзбекистонга меҳмон келган экан. Қаерга қарасаки, дорихоналар жуда кўп. Шунда дўстимиз унга «Дорихона» сўзи бу бренд номи эмас, фармацевтика маҳсулотлари сотиладиган жой эканини тушунтирган. Ҳалиги одам дорихоналар бунчалик кўплигидан ҳайрон бўлган.

Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонда дорихоналар – 650-700 млн долларлик жуда катта бозор. Лекин аҳолимиз шунчалик касалмандмики, шунча кўп дори ичади? Бунга ечим эса илмни тўғри татбиқ қилиш. Яъни биздан кейинги авлодларга соғлом ер, соғлом иқлим, соғлом муҳитни қолдиришимиз керак.

Шундагина фарзандларимиз фаровон ҳаёт кечиради, дорихонага югурмай, топган пулини ўқишга, илмга ишлатишига шароит бўлади.

Бу бизнесни бошлашда фойдани биринчи ўринга қўймаганмиз. Асосийси – қадриятимиз. Қишлоқ хўжалиги экинларини ўғитлашдаги муаммоларни кўриб, уларга ечим топамиз, дея жамоа тузганмиз. Олимларнинг илмий ютуқларини ўрганиб, уларни амалга татбиқ этиш мақсадида фаолият бошлаганмиз. Ундан келадиган даромад эса кейинги масала.