Англия: қуруқ дерби ва Гвардиоланинг йўқотиши

Эвертон – Ливерпул 0:0
Эвертон – Пикфорд, Паттерсон, Тарковски, Коуди, Миколенко, Дэвис (Гуйе, 62), Онана, Грэй, Мопе, Ивоби, Гордон (Макнил, 82).
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд (Милнер, 59), ван Дейк, Гомес, Цимикас (Робертсон, 59), Фабиньо, Эллиотт (Матип, 80), Карвалью (Фирмино, 46), Салах, Диас, Нуньес (Диогу Жота, 80).
Огоҳлантиришлар: Онана (38), ван Дейк (76), Фабиньо (90).

Ҳисоб очилмай қолган бўлса-да, Мерсисайд дербиси зерикарли  кечмади, ўйин бошиданоқ Дэйвиснинг зарбаси устунга тегди. Шундан кейин қизиллар тўлиқ куч билан олдинга ўтишди ва маълум вақт давомида «Гудисон Парк»да Пикфорд асосий қаҳрамон бўлиб турди. «Эвертон» дарвозабони сейвлари билан Нуньес ва Диаснинг уринишларини йўққа чиқарди. Ўйиннинг боришидан Юрген Клопп жамоаси барибир ўз мақсадига етишадигандек туюларди.

Аммо «ирислар» иккинчи бўлим ўрталарига келиб ўзига келди — улар принципиал рақибга кетма-кет муаммолар туғдиришди. Айниқса Мопей ажралиб турди, унинг зарбалари Алиссоннинг маҳорати туфайли голга айланмай қолди, кейин эса VAR Коадининг голини офсайд туфайли бекор қилди, бу вазиятда Мопей пас узатаётган вақтда ҳимоячи бир неча сантиметр олдинга чиқиб кетганди. Бундай шиддатли ўйин ва дарвозаларга жами 37 бор зарба берилгани ҳолида ҳисоб очилмагани ҳайратланарли. Аммо бунда ҳам мантиқийлик бор, «Эвертон» ва «Ливерпул» Англия футболида ўзаро учрашувларни голсиз ўтказиш бўйича рекордчи (36 ўйин) ҳисобланади.

Челси — Вест Ҳэм 2:1
Голлар: Чилуэлл (76), Ҳаверц (88) — Антонио (62). 

Тоттенҳэм — Фулҳэм 2:1
Голлар: Ҳёйбьерг (40), Кейн (75) — Митрович (83).

Яна бир бор ўйинни марказий ҳужумчисиз бошлаган «Челси» (АПЛга қайтган Обамеянг Барселонадаги талончилик вақтида юзидан жароҳатланганди) ҳудудлар ва тўпни назорат қилган бўлса-да, «болғачилар» мудофаасини ҳайратга сололмади. Параллел кечган Лондон дербисида эса «Тоттенҳэм» «Фулҳэм»га қарши ўйинда Ҳейбергнинг голи туфайли олдинга чиқиб олганди.

«Стэмфорд Бриж»да эса ўйиннинг бир соати ўтган маҳалда ҳам дарвоза соҳасига бирорта аниқ зарба йўлланмаганди. «Вест Ҳэм» эса қисқа вақтга олдинга ўтиши муваффақият келтирди. Боуэн тўпни ҳавода тўхтатмай йўллаган зарбадан кейин Менди қутқарди, бурчак зарбаси ижро этилганда эса Антонио ҳисобни очди. Бу ҳақиқий шок ҳолати эди, аммо «Челси» сафида захирадан ўйинга қўшилган Чилуэлл қиёфасида кутилмаган қаҳрамон топилди.