Ўзбекистон | 10:01 / 05.09.2022
4248
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги авлод банкоматларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Янги авлод банкоматларини ишлаб чиқариш бўйича музокара ўтказилди.

"Ўзэлтехсаноат" уюшмасида NCR компаниясининг Венгриядаги махсус вакили Жозеф Ковач билан Ўзбекистонда янги авлод автоматлаштирилган тизим банкоматлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича видео-алоқа орқали учрашув бўлиб ўтди.

Компания вакилига Ўзбекистонда инвесторлар учун яратилган шароитлар, қатор имтиёзлар ва давлат ҳуқуқий кафолатлари ҳақида маълумот берилди. 

Ўз навбатида, Жозеф Ковач мазкур йўналишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини, келгусида бу масала бўйича қатор келишувларга эришиш мумкинлигига ишонч билдирди.

NCR компанияси бош қароргоҳи АҚШда жойлашган бўлиб, унинг 160 та мамлакатда 34 000 дан ортиқ ходимлари фаолият кўрсатади. Асосий фаолияти чакана савдо, банк, молия ва тиббиёт соҳалари учун ихтисослаштирилган тўлов терминаллари, банкоматлар, штрих-кодларни ўқиш мосламалари ишлаб чиқаришдан иборат. Йиллик савдо айланмаси 4,61 млрд долларни ташкил этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид