Интернетдаги фикр етакчилари, блогерлар ҳам бу борада ўзларининг фикрларини илгари суришмоқда.

Филолог, журналист ва блогер Шаҳноза Соатовага кўра, бу масалага бозорда сотилаётган китоблардек қараб, нархдан норозиликни боласига китоб учун пул қизғаниш, дея талқин қилиш нотўғри.

«Ҳеч ким ота-оналардан дарсликлар ижарага берилиши масаласини ҳам, унинг шартларини ҳам аввалдан муҳокама қилмаган, ижтимоий келишув бўлмаган. Энди эса яна кенгашмай нарх 2–3 баравар ошириляпти.

Бир томон ҳар доим ўзича шартларни ўзгартирадиган ва бошқа томон бажаришга мажбур бўладиган ҳолат асло шартномавий муносабат эмас. Шундай ҳолда ота-оналарга ҳар йили шартнома имзолатилиши ва шартлар ўзгаравериши, истеъмолчида эса танлов имконияти бўлмаслиги адолатсизлик.

Таклиф шуки, бундай масалалар ота-оналар билан келишиб ҳал этилсин. Ҳозирги нархлар ўзгармас экан, давлат масаланинг ижтимоий аҳамиятини эътиборга олиб ва ўзининг бепул таълимни таъминлаш масъулиятидан келиб чиқиб, «ёстиқча» пайдо қилиши, яъни аввалги йилги ижара нархлари билан ҳозиргиси ўртасидаги фарқни тўлаб бериши адолатдан бўлади.

Дарсликлар буткул бепул бўлгани яхши, деб популистлик қилишим мумкин эди-ю, аммо бир муддат дарсликлар чоп этилиши жараёнида қатнашганим учун биламанки, тўлиқ давлат тўласа, ўғриликлар каррасига ортади, бюджетни яна халқ тўлдиришига тўғри келади. Ошган солиқлар шаклида барибир шу пулни тўлаймиз кейин. Ундан кўра, рамзий миқдорда бўлса ҳам, оз қисмини қўлдан бериб, ҳисобини ўзимиз сўраб турганимиз маъқул».

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиевга кўра, муаммо ижара ҳақининг мавжудлигида эмас, балки нархнинг ҳе йўқ, бе йўқ, 2 баравар ошиб кетганида.

«Бунинг ортидан «ўзи нега дарсликларга пул тўланяпти?» деган саволлар берилмоқда, дарсликларни чоп этувчи типографияларни ўрганиш бошланди. Ҳаммаси яхши, жамоатчилик назорати бўлиши керак.

Бундай кескин даражада ошган нарх халқ учун оғирлик қилади. Кутилмаганда уларнинг чўнтагига берилган зарба бўлиши шубҳасиз. Боз устига, айрим синфларнинг дарсликлари умуман янгиланмаган, аммо уларда ҳам нарх ошиб кетган. Буниси энди 2 ҳисса адолатсизлик бўлди.