— Макка алянси нега Саудияни ҳусийчилар ҳужумидан ҳимоя қилмаяпти?
Шавкат Икромов: Ҳозир Саудия Арабистонига бирор давлат томонидан бевосита таҳдид йўқ. Ҳусийларга қарши туриш ва мамлакат ҳудудини ҳимоя қилиш учун Саудия Арабистонининг ўзида етарли имконият мавжуд. Саудия ҳозир асосан яна фаол урушга кириб кетишдан ўзини тийиб турибди. Чунки ҳусийлар билан кенг кўламли урушга кириш Саудия учун манфаатли эмас. Саудия ҳозир фойдаланиб турган Қизил денгиз, Баб ал-Мандаб ва Янбу йўналишларидаги имкониятлардан маҳрум бўлишни истамайди.
Қолаверса, ҳозир ҳусийларнинг Саудия Арабистонига ҳужуми шароитида, Ар-Риёднинг ўзи ҳам Туркия ёки Покистон қўшинларининг бу ерга келишини мутлақо истамайди ва буни инкор қилмоқда. Бироқ Покистондаги юқори лавозимли ҳарбийлардан олинган маълумотларга кўра, Покистон Эронни ҳусийлар билан ҳамкорлик қилмасликка ва уларни тийиб туришга чақирган.
Шунингдек, ҳусийлар билан музокара олиб бориб, Саудия Арабистони ҳудудларига ракета зарбалари йўлламасликка кўндириш кераклиги, акс ҳолда Саудия Арабистони билан юзма-юз келиш хавфи мавжудлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Умуман олганда, алянсни ҳозир мутлақо ҳаракатсиз деб бўлмайди. Улар муайян чоралар кўрмоқда. Аниқ муносабат билдирилди ва жараёнлардаги масъулиятни Эрон зиммасига юклашга уриниш кузатилмоқда.
Агар бу ҳудудда кенг кўламли уруш бошланса ва янги фронт очилса, бу Эрон манфаатларига тўлиқ мос келиши мумкин. Ҳозир Ҳўрмузда аллақачон фронт бор, уруш давом этмоқда. Агар Қизил денгизда ҳам алоҳида фронт пайдо бўлса, Қўшма Штатларнинг хавфсизлик соябонига таянаётган Кўрфаз араб давлатлари янада жиддий босим ва блокада хавфи остида қолади.
Бундай вазият жаҳон энергетика бозори ва глобал савдонинг катта қисмига ҳам таъсир қилиши мумкин. Шунингдек, Яман ҳудудидаги вазиятнинг ўзгариши Ҳўрмуздаги жараёнларга ҳам таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.
Шу нуқтайи назардан, стратегик жиҳатдан ҳусийлар, Яман ва Эрон манфаатлари бу ерда уйғунлашаётганини айтиш мумкин. Уларнинг ўзаро алоқалари ҳақида аниқ хулоса қилиш учун етарли маълумот йўқ. Лекин ташқаридан қараганда, манфаатлар уйғунлиги мавжуд.
Камолиддин Раббимов: Сиёсатчилар ва ҳарбийлар ҳар қандай ҳарбий амалиётни режалаштирганда, унинг мақсади ва кўламини бир-бирига пропорционал белгилайди. Ҳусийларнинг Саудия Арабистонига ҳужуми ҳам шундан далолат беради: улар Саудия иқтисодиётини издан чиқаришни мақсад қилмаган.













