Тошкентда Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ахборот хавфсизлиги бўйича илмий-эксперт форуми бошланди.

Тадбир президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда ШҲТ минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. 

Хорижий иштирокчиларни онлайн улаш орқали гибрид форматда ташкил этилаётган ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича мулоқотда ШҲТга аъзо давлатлар тегишли вазирликлари, идоралари, илмий-академик ва таҳлилий доиралари вакилларидан иборат 30 нафардан зиёд етакчи экспертлар жамланган.

Иштирокчилар нуфузли таркиби рақамлаштириш соҳасидаги сўнгги тенденциялар ва ютуқларни муҳокама қилиш, ШҲТ маконида инсон ҳуқуқи ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш шароитида ахборот ва киберхавфсизлик соҳасидаги таҳдидларга қарши курашиш бўйича миллий тажрибани тақдим этиш имконини беради.

Мазкур форумни ўтказиш ташаббуси президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 17 сентябрь куни ШҲТ Душанбе саммитида илгари сурилган эди. 

Форум кун тартиби 3 мавзуга оид сессияга бўлинган: ахборотдан фойдаланиш кўламини кенгайтириш – замонавий жамиятни ривожлантириш муҳим омили; ахборий-ғоявий хатарлар ва бундай таҳдидларга қарши самарали жавоб чораларини ишлаб чиқиш; АКТ жадал ривожланиши шароитида нозик ахборот инфратизими объектларини ҳимоя қилиш.