09:08 / 09.09.2022
3056

Россия Ўзбекистондан тоғ-кон қазилмалари йўналишида талабалар қабул қилмоқчи

Ўзбекистон дипломатлари амалий сафар билан Россиянинг Коми Республикасида бўлди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон бош консулхонаси ходимлари 1-3 сентябр кунлари амалий сафар билан Россиянинг Коми Республикасида бўлишди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Коми Республикаси таълим вазири Наталья Якимова Ўзбекистон таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганини маълум қилар экан, ушбу ҳудудда жами 80 нафарга яқин ўзбекистонлик талабалар 8 нафари П.Сорокина номидаги Сиктивкар давлат университетида техника, тоғ-кон қазилмалари ва IT йўналишларда таҳсил олаётганини билдирди. У сўнгги йилларда Комида жойлашган университетларга бюджет асосида ўқиш учун квоталар сони ортиб бораётгани сабабли Ўзбекистондан тоғ-кон қазилмалари йўналишида талабалар қабул қилишга, ўқитувчилар тажриба алмашувини йўлга қўйишга тайёр эканини айтди.

Меҳнат ва бандлик вазири Екатерина Грибкова келгусида бош консулхона билан ўзбекистонлик фуқароларни Коми саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги корхоналарга жалб этишда ҳамкорлик қилишга тайёр экани, бунинг учун вазирлик реестрида 13 мингта вакант иш жойлари мавжудлигини маълум қилди. У яқин кунларда соҳалар кесимида ушбу бўш иш жойларига сўровнома юборилишини айтиб ўтди.

Top