13:09 / 13.09.2022
8797

Ўзбекистонда айрим банклар хорижликларга карта бериш шартларини кучайтирди

12 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда камида иккита банк норезидентларга банк карталарини бериш шартларини кучайтирди.

Фото: Kun.uz

«Капиталбанк» матбуот хизмати хабарига кўра, банкда нақд пул оқимлари ва операциялари шаффофлигини таъминлаш мақсадида маъмурият томонидан комплаенс назорат кучайтирилмоқда.

12 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг норезидент жисмоний шахслари банкларда ҳисобрақамларини фақат қуйидаги ҳолларда очишлари мумкин: 

  • банкка мурожаат қилинган кундан олдин 15 (ўн беш) календар кундан ортиқ узлуксиз Ўзбекистон ҳудудида бўлганда; 
  • республика таълим муассасаларида ўқиётганда ва талаба мақомини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлганда; 
  • Ўзбекистонда расмий ишга жойлашганда.

Ўзбекистон фуқаролари учун банк ҳисобварақлари ва омонатларини очиш шартлари ўзгаришсиз қолмоқда. 

«Ипак йўли» банки маълум қилишича, 12 сентябрдан бошлаб норезидентлар учун ҳисобварақлар очиш (шу жумладан, пластик карталар ва мобил иловада идентификация қилиш) фақат банк бош офисидаги операцион бошқармада амалга оширилади. 

Банкнинг қолган барча филиаллари норезидентлар учун ҳисобварақ очиш учун аризаларни вақтинча қабул қилмайди. Юқоридаги ўзгартиришлар жорий йилнинг 12 сентябрига қадар очилган норезидентларнинг хизмат кўрсатиш ҳисобварақларига тааллуқли эмас. 

Эслатиб ўтамиз, Украинада «махсус операция» бошланганидан сўнг кўплаб Ғарб давлатлари Россияга қарши санкциялар киритган эди. Россия банклари чекловларга дучор бўлди. 

Россияликлар мамлакатдан ташқарида карталар билан тўловларни амалга ошира олмайди ва хорижий тўлов хизматларидан фойдалана олмайди. Бундай шароитда кўплаб Россия фуқаролари ечим излаб, оммавий равишда МДҲ мамлакатларига, жумладан, Ўзбекистонга банк карталарини чиқаришга келяпти. 

6 март куни Visa ва Mastercard Россиядаги барча операцияларни тўхтатганини эълон қилди. Энди Россия туроператорлари россияликлар ушбу карталарни Ўзбекистонда очишлари учун махсус турларни таклиф қилмоқда. 

Россиядаги баъзи сайёҳлик фирмалари махсус саёҳат пакетларини ташкил қилди. Ушбу турни сотиб олган россиялик Ўзбекистонга келиб, банк картасини расмийлаштириши мумкин. Кўпгина сайёҳлик фирмалари буни «жуда осон ва бир неча кун давом этади» деган. Битта карта ўртача 7,7 миллион сўмга тушади. 

Июн ойи бошида Ўзбекистон Россияда «карта туризми» етакчисига айлангани маълум бўлди. Кейинроқ тармоқда Россияда ўзбекистонлик валюта чайқовлари фаоллашгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. 

Top