Ўзбекистоннинг Беларусдаги янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Мамажонов Минскка етиб борди, деб хабар берди “Дунё” АА.
Бунгача у Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
Нуриддин Мамажонов Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Чехиянинг Богемия марказий университетини тамомлаган. Европа амалий фанлар ва менежмент институтининг бизнес бошқаруви доктори даражасига эга.
У Адлия ва Ташқи ишлар вазирликларида, Германиядаги элчихонада, Франкфурт-Майн шаҳридаги бош консулхонада турли лавозимларда ишлаган. 2022–2023 йилларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи, Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий дипломатия департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
Нуриддин Мамажонов 2024–2026 йилларда Ўзбекистоннинг Минскдаги элчихонасига раҳбарлик қилган Раҳматулла Назаров ўрнига тайинланди.











