Бугун, 12 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд саммитига бағишланган мақоласи эълон қилинди.
“Ўзбекистоннинг Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос “тарихий эврилиш” палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда”, – дейилади мақоланинг илк сатрларида.
Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётганини қайд этган. Президентнинг фикрича, бунинг асосий сабабларидан бири шуки, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч таназзулга юз тутяпти. Натижада геосиёсий қарама-қаршиликлар кучайтиб, “блокларга мансублик” стереотипларининг қайта туғилиш хавфи ортяпти.
Президент бунинг ечими сифатида иккита нарсани илгари сурган ва уларни мақола сарлавҳаси учун танлаган. Бу икки нарса – конструктив мулоқот ва ҳамкорлик. Асосий шарти – бу шундай ҳамкорлик бўлиши керакки, унда ҳар битта тарафнинг манфаатлари ҳурмат қилиниши шарт.

Мирзиёев ўз мақоласида ШҲТнинг асосий принципларини санаб ўтган. Соддароқ қилиб айтганда, булар қуйидагилар – ШҲТ ҳеч қанақа блок эмас, у ҳеч кимга қарши қаратилмаган, ташкилот аъзолари бир-бирининг тенглиги ва мустақиллигини ҳурмат қилади, ички ишларга аралашиш бўлмайди, сиёсий қарама-қаршиликларга йўл қўйилмайди.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, бу мақоласи орқали президент қисқа қилиб айтганда бундай демоқчи:
“Ҳа, дунёда геосиёсий қутблашув кетяпти; ҳа, минтақамиз борган сари глобал рақобат ва қудратли давлатлар манфаатларининг тўқнашуви маскасига айланиб боряпти; лекин Ўзбекистон томонлардан бирини танлаб, глобал зиддиятларга қўшилиш ниятида эмас. Ташқи дунёда қанча тортишиб, уришсангиз ҳам, Ўзбекистонни бу можароларга тортманг! Ўзбекистон ўзининг кўп векторли ва тенг векторли ташқи сиёсий йўналишини сақлаб қолади!”
Маълумот учун, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти дунёдаги энг катта минтақавий ташкилот ҳисобланади. 1996 йилда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Шанҳай бешлигини ташкил этишган. 2001 йилга келиб, уларнинг сафига Ўзбекистон ҳам қўшилиши муносабати билан янги халқаро тузилма – Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига асос солинган.





















