Ўзбекистон | 14:40 / 13.09.2022
8280
3 дақиқада ўқилади

«Тўртинчи саноат инқилобининг ажралмас қисми» – Шерматов ШҲТ давлатларида сунъий интеллектни ривожлантириш ҳақида

«Сунъий интеллект – ҳозирги тўртинчи саноат инқилоби жараённинг ажралмас қисми, ҳаттоки етакчи технологияси ҳисобланади. Бу борада ШҲТга аъзо давлатлар — Хитой, Россия ва Ҳиндистон анча илгарилаб кетган. Ташкилотнинг қолган аъзолари, хусусан Ўзбекистон ҳам ҳам сунъий интеллектни ривожлантириш сари қадам ташламоқда», - дейди Шерзод Шерматов.

Фото: АКТ вазирлиги

Бугунги кунда сунъий интеллект иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларнинг деярли барчасида – банк, чакана савдо, соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, саноат, логистика ва қишлоқ хўжалигида қўлланилади. СИ ривожланиш учун тасаввур қилиб бўлмайдиган салоҳият ва имкониятларга эга, аммо айни пайтда янги муаммолар ва таҳдидларга ҳам эга.

Жаҳон сунъий интеллект бозори кескин ўсиб бормоқда. Масалан, пандемия туфайли тижоратда онлайн харидларни жорий қилиш ўсиб бормоқда, бундан ташқари СИ мижозлар билан ишлаш, омборхоналарни ва таъминот занжирини бошқариш, ақлли тавсиялар ва чат-ботлар учун фойдаланилмоқда.

Ўз навбатида ШҲТга аъзо давлатлар ҳам сунъий интеллектни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Улардан баъзилари аллақачон сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича миллий стратегияларини қабул қилишган.

Масалан, сунъий интеллект технологияларининг ривожланиш даражаси бўйича Хитой ҳозирда АҚШдан кейин иккинчи ўринда турибди ва ўн йил ичида бу соҳада сўзсиз дунё етакчисига айланмоқчи. Хитой Халқ Республикаси 2030 йилгача сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича стратегик давлат дастурини қабул қилди. Унда СИ технологиялари келгуси ўн йил ичида миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий мезони бўлиши ва Хитой учун глобал меҳнат тақсимотида янги бозорларни забт этишда афзалликларни яратиши кўзда тутилган.

Ушбу технология Россияда ҳам жуда тез ривожланмоқда, жумладан мамлакатда Yandex, Сбер, Mail.ru Group каби CИ соҳасидаги дастурлар ва тизимларни ишлаб чиқадиган йирик компаниялар мавжуд.

Худди шундай, Ҳиндистон ҳам АКТ соҳасидаги етакчи давлатлардан бири сифатида СИдан нафақат иқтисодий ўсиш, балки ижтимоий интеграция учун ҳам фойдаланишга эътибор қаратиб, миллий СИ стратегияси доирасида ўзига хос ёндашувни амалга оширмоқда. Уларнинг стратегияси ривожлантиришга қаратилган ва ҳинд аҳолисига сифатли иш топиш имконини берувчи, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий таъсирни максимал даражада ошириши мумкин бўлган СИ бўйича тадқиқотлар ва соҳаларга сармоя киритишга қаратилган.

Шу билан бирга, бугунги кунда қолган ШҲТга аъзо давлатлар ҳам сунъий интеллектни ривожлантириш сари қадам ташламоқда.

Сунъий интеллектни ривожлантиришнинг глобал тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатимизда СИни жорий этиш ва ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Ушбу соҳани тартибга солувчи бир қатор ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Масалан, мамлакатнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган инновацияларни ривожлантириш стратегияси тасдиқланган ҳамда Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси ҳам ишлаб чиқилган. Давлат даражасидаги қарорлардан ташқари, бу соҳада халқаро ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ бўлиб, дунё аҳолисининг деярли ярмини ташкил этувчи ШҲТ умумий манфаат, тинчлик ва фаровонлик йўлида СИдан фойдаланиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга имкон беради, - дейди АКТ вазири Шерзод Шерматов.

Мавзуга оид