– Айбдорликка оид барча шубҳалар, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган тақдирда, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Қонунни қўллаш жараёнида келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши зарур. Бу нормаларнинг Конституцияга киритилишини муҳим таклифлардан деб биламан. Бу норма билан боғлиқ амалиётда қандай муаммолар бор эди?
Илёс Юсупов:
– Бу ҳозир ҳам муаммо бўлиб турибди. Сабаби бу – айбсизлик презумпцияси. Бу – адвокатлар томонидан кўп ишлатиладиган модда. Шахснинг бирор бир ижтимоий қилмиш содир этганини исботлаш учун далиллар мажмуаси бўлиши керак. Биргина далил етишмай қолган тақдирда ҳам бу гумонга айланади. Гумонга айланган ҳолат айбланувчининг фойдасига ҳал этилиши керак.
Иштирок этган ишларимизнинг аксарияти айбсизлик презумпциясига эътибор қаратамиз. Айрим ҳолатларда бирор шахс ўзининг таниши ёки дўстининг манфаатлари йўлида айбланувчига қарши кўрсатма бериши мумкин. Ўша пайтда бошқа далиллар етарли бўлмайди. Бундай ҳолатда арзирли далиллар бўлмаса, айбланувчини айблаб бўлмайди. Бу Жиноят кодексида ҳам белгилаб қўйилган.

Лекин ушбу моддани ишлатиш маълум бир маънода қийинроқ. Агар бу ҳам конституцион ўзгартиришларга киритиладиган бўлса, бу ҳолатга ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кўпроқ эътибор қаратишар эди. Далиллар етарли бўлмаса, уни айбламаслик керак. Сабаби, маълум бир вақт ўтиб, ёлғон кўрсатма берган шахс фикридан қайтиб қолиши, сохталаштирилган маълумот тасдиқланмаслиги ёки маълумот манбасининг бўлмай қолиши кузатилиши мумкин.
Зафар Усмонов:
– Бу ҳолат Жиноят кодексининг 53-моддасида белгилаб қўйилган. Шубҳали, аниқ бўлмаган ёки кимнингдир кўрсатмаси ўз исботини топмаган тақдирда, гумонланувчи фойдасига ҳал этилиши керак.
Бундан ташқари, ушбу ҳолат суд терговида ҳам бўлиши мумкин. Бу Жиноят кодексининг 26-моддасида белгилаб қўйилган. Ушбу ҳолатда ҳам далиллар етарли бўлмаса, иш айбланувчи фойдасига ҳал этилиши кўрсатиб ўтилган.
















