Умумий маълумотлар: Хитой билан узун чегарага эга, қатор йўналишларда транспорт коридори бўлиши мумкин бўлган Мўғулистон Халқ Республикасида ҳозирда 3,4 млн аҳоли яшайди. Майдони улкан – 1 564 116 км км ва дунё бўйича бу борада 19-ўринда. ЯИМ ҳажми 47 млрд доллар, аҳоли жон бошига 14 270 доллар (2022). 

Жуда кўпчилик Мўғулистон тушунчасини Чингизхон билан боғлаб ёдга олади ва бу тушунчалар шу ернинг ўзида тугайди. Чиндан ҳам Чингизхон ва унинг авлодлари Македонскийдан ҳам, Рим империясидан ҳам каттароқ ҳудудни забт этишган ҳамда дунё тарихига ниҳоятда кучли таъсир ўтказишган. Ҳозир ҳам Мўғулистонда у жуда улуғланади, улкан ҳайкаллари бунёд этилган, ҳар бир мўғулистонлик тарихи билан фахрланишни яхши кўради.

Лекин ҳоқонлар тарихи фақат Чингизхон билан чекланиб қолмайди. Чунки Чингизхон йигирма йилдан сал ортиқроқ ҳукмдорлик қилган. Унинг ўғиллари, набиралари ҳам зафарли юришларни давом эттиришган ҳамда империя ҳудудларини муттасил кенгайтириб боришган. Марказий Осиё ҳудудларида қолганларининг аксарияти кейинчалик Ислом динини қабул қилишган ва маҳаллий аҳоли билан қўшилиб кетишган.

Замонавий Мўғулистон

Бу давлат ўз тилида Мўғул улуси деб аталади ва бир аср олдин, 1921 йилда Хитойдан мустақил бўлган. Ўзбекистонга ўхшаш жиҳати – денгизга чиқиш йўли йўқ. Ҳудуди жуда катта бўлса-да, фақат икки давлат – Россия ва Хитой билан чегарадош.

Давлатчилик асосларини тузган илк йилларидан бошлаб СССР билан мустаҳкам алоқалар ўрнатган ва социалистик тузумнинг аксарият унсурларини ўзида қўллаган Мўғулистонда ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида динга қарши кураш олиб борилади. Натижалар даҳшатли эди – буддизмга эътиқод қилувчи аҳолининг 36 минг нафари, яъни 5 фоиздан ортиғи қириб ташланади. Бундай катта кўрсаткич сабаби ҳам бор эди – ҳар уч эркакдан бири монахлик йўлини танлаганди.

Иккинчи жаҳон уруши якунида СССР билан биргаликда Япония қўшинлари тор-мор этилишида иштирок этган Мўғулистон 1945 йилда референдум ўтказади ва жуда муҳим сиёсий ютуқ – Хитойнинг бу давлатни тан олишига эришади. Шундан сўнг бу масалани ортга сурган бошқа давлатлар ҳам Мўғулистон давлатини расман тан ола бошлайди. Бу борада сўнгги дипломатик ҳужжат ўзининг халқаро мақоми ноаниқ бўлиб турган Тайван томонидан 2002 йилда имзоланади.

1952 йилда ҳокимият тепасига келган Юмжагийн Цэдэнбалнинг 1984 йилга қадар «тахт»дан тушмагани Мўғулистон тарихида ўзига хос давр сифатида эсланади. Ўша давр ҳозиргача ҳам айрим мутахассислар томонидан тўкинлик ва барқарорликни ёдга туширса, яна кимлар учундир бу демократиядан янада чекиниш, турғунлик ва инсон ҳуқуқларининг топталиши билан таърифланади.