Россия давлат телеканаллари фронтда юз бераётган жиддий ўзгаришларни у ёки бу даражада инкор этишди, бироқ ватанпарварлик руҳидаги телеграм каналлари «душманга ташаббус бериб қўйилгани» учун жавобгарларни қидирмоқда.
Украина ҳарбийларининг Харкивдаги фаол қарши ҳужуми сентябр ойининг илк ҳафтасида бошланган эди. 10 сентябр куни Россия Мудофаа вазирлиги Балаклия ва Изюм шаҳарларидан чекиниш ҳақида эълон қилди, аммо ҳарбий департамент буни «Донецк йўналишидаги ҳарбий ҳаракатларни кучайтириш учун қўшинларни қайта гуруҳлаш» деб атади.
11 сентябр оқшомида Россия ҳарбийлари Украинанинг «муҳим инфратузилма объектларига» зарбалар берди. Натижада бешта ҳудуд тўлиқ ёки қисман электр энергиясиз қолди.
Телевизорда нима дейишди?
Россия давлат каналлари ҳарбийларнинг Харкив областида чекиниши ҳақида жуда оз ва вазминлик билан гапирди.
«Вести недели» («Россия 1»)
Дмитрий Киселёв ўз дастурининг бошида чекиниш ҳақида гапирди. У ўтган ҳафта уруш бошланганидан бери «энг оғирларидан бири» бўлгани ва «айниқса Харкив йўналишида қийин бўлганини, душманнинг устун кучлари ҳужуми остида рус қўшинлари илгари озод қилинган аҳоли пунктларини тарк этишга мажбур бўлишгани»ни айтди.
Шу билан бирга, бошловчи Украина армияси катта йўқотишларга учрагани, рус қўшинлари вазиятни барқарорлаштиришга ва қамалдан қутулиб қолишга муваффақ бўлганини таъкидлади.
Купянскка қилинган ҳужум ҳақида батафсил тўхталиб, Украина ҳарбийлари бошқа нарсалар қатори турар жой ҳудудларини ўққа тутгани ва уларнинг қисмлари асосан Ғарб ёлланма аскарлари назоратида эканлиги айтилди.
Шунингдек, «Вести недели»да Херсон областидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақида маълумот берилиб, Украина қўшинлари «ҳужум бошида эришган муваффақиятларни мустаҳкамлай олмагани» (ва гўё шу сабабли «тинч аҳолини террор қилишни бошлагани») ва ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ЛХР» ҳудудида рус ҳарбийлари ҳужумкор операцияларни давом эттираётгани айтилди.
Киселёв, шунингдек, янги босиб олинган аҳоли пунктларида украиналик ҳарбийлар «филтрлаш» ўтказаётганини, «неонацистлар» тинч аҳолини, айниқса, Россия паспортини олишга муваффақ бўлганларни ўлдириш билан таҳдид қилишаётганини айтди. «Буларнинг барчаси жуда ачинарли», деб хулоса қилди бошловчи.
«Итоги недели» (НТВ)














