Квартира муаммоси ўқиш иштиёқида келган талабаларнинг шаштини ҳам сўндиради. Чунки янги ўқув йили бошидан таълим олиш эмас, ишончли турар жой топиш масаласи биринчи ўринга ўтади.

Пойтахтдаги хонадонларда талабаларга ижарага жой берилиши ҳақидаги эълонларда «Фақат қизларни қўямиз», деган эълонлар салмоғи кўпроқлиги қувонарли ҳол, албатта. Аммо бошпана излаб сарсон бўлган талабалар пировардида ёш оила билан бирга яшашга, ёки талаба йигит-қизлар бир том остида туришга ҳам мажбур бўлишмоқда.

Хўш, бу қанчалик тўғри ва хавфсиз? Мутлақо бегона эркак(лар) яшайдиган хонадонда истиқомат қилиш қизлар учун ноқулайлик туғдирмайдими? Улар жинсий ва жисмоний зўравонликка дуч келишмайдими? Бу борада айрим талаба қизларимизнинг фикрларини тингладик (исмлар ўзгартирилган).

«Бир дугонам ёш оила билан квартирада турди. «Эри эрталаб вақтли кетиб кечқурун кеч қайтар экан, халал бермаскан», деб юрди. Ярим тунда дугонам йиғлаб телефон қилди: «Квартирангда жой борми, бу ердан кетмасам бўлмайди», деб. Қўрқиб, таксида 2 қиз етиб бордик. Маълум бўлишича, эри ичиб келиб хотини билан жанжаллашибди. Эри хотинини калтаклашга ўтганида дугонам чидолмай ўртага тушибди. Натижада, у ҳам зўравон эрининг муштига нишон бўлибди», — деб ҳикоя қилади Шаҳинабону Эркинова.

Квартира излаб роса сарсон бўлгач, «эрим йўқ, ўзим тураман», деган аёлнинг хонадонига жойлашган қизнинг ҳикоясига эътибор беринг:

«Бир хонали бўлгани учун квартирада ёнма-ён ётардик. Бир куни кечқурун уйғониб кетдим. Не кўз билан кўрайки, уч киши бўлиб қолибмиз. Қўрққанимдан бақириб юбордим. «Нега бақирасан?! Бу — менинг эрим. Баъзида келиб тунаб қолади. Сенга зарари тегмайди», деди уй бекаси. Яхшиямки, холамнинг ўғли Тошкентда ўқийди. Қўнғироқ қилдим, келиб олиб кетди», — деб ўз бошидан ўтганини айтиб берди Маржона Турғунбоева.

Дугоналари билан квартира излаб, топа олмагач, бир ёш оиланинг ёнида ижарага туришга мажбур бўлган Ҳулкар Муртазоева эса шундай ҳикоя қилади:

«Биз кундузи уйда бўлмасдик. Уй бекасининг турмуш ўртоғи тунда ишга кетарди. Шу боис унчалик қийналмадик. Бир ой турганимиздан сўнг турмуш ўртоғининг иш жадвали ўзгарди ва биз квартирадан чиқишга мажбур бўлдик. Яна жой изла, кўч-кўронинг билан кўч деганларидек...»

Кўча-кўйда ва ижтимоий тармоқларда «ёш оила шерикликка қизларни ижарага қўяди», ҳамда «хозяйкали уйларга квартирага жойлаймиз», каби эълонлар кўпаймоқда.