Кеча Хитой, Эрон, Қирғизистон ва Мўғулистон етакчилари етиб келганди. Бугун Тожикистон, Туркманистон, Россия, Покистон, Озарбойжон, Беларус, Туркия, Қозоғистон ва Ҳиндистон раҳбарлари Самарқандга ташриф буюрди. Аксарият меҳмонларни аэропортда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди. Қатор давлат раҳбарлари ташрифини Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади.

Кун давомида 14 раҳбар орасидан айниқса Шавкат Мирзиёевнинг иш жадвали жуда тиғиз бўлди. Ўзбекистон президенти айни пайтгача олий даражали меҳмонларнинг кўпчилиги билан икки томонлама музокаралар ўтказиб улгурди.

Хитой раиси Си Жинпинг билан бўлган тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга. Давлат ташрифи мақомидаги анжуманда Шавкат Мирзиёев Си Жинпингга олий даражадаги “Дўстлик” орденини топширди. Расмий хабарлардан маълум бўлишича, Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг 4 та асосий йўналиши – автомобилсозлик, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма бўлади. Шу ва бошқа йўналишларда жами 15 млрд долларлик келишувлар имзоланди. Таққослаш учун, охирги 5 йилда Хитой Ўзбекистонга киритган инвестициялар миқдори 10 млрд доллар бўлган.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли қурилишини бошлаш ҳақида уч томонлама битим имзолангани айниқса муҳим воқеа бўлди. Маълумот учун, ҳозирда Хитой товарлари Ўзбекистонга Россия ва Қозоғистон орқали кириб келади. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ўзаро учрашувида Трансафғон темирйўли қурилишини тезлаштириш кераклиги таъкидланди. Шубҳасиз, Хитой ва Покистонга темирйўлнинг ўтиши денгиздан тўсилган Ўзбекистонга жанубий ва шарқий йўналишларда жуда катта имкониятларни очади.

Шавкат Мирзиёевнинг Беларус президенти Александр Лукашенко билан учрашувида ҳам логистикага оид муҳим янгилик янгради. Маълум бўлишича, Россия ва Ўзбекистон ўртасида ўтган йили йўлга қўйилган “Агроэкспресс” лойиҳасига Беларус ҳам қўшилиши мумкин. Бу – Беларус ва Ўзбекистон ўртасидаги таъминот занжирининг иши тезлашишини англатади.

Шавкат Мирзиёевнинг тожикистонлик ва қирғизистонлик ҳамкасблари билан учрашувларида асосий мавзулардан бири энергетика бўлди. Имомали Раҳмон билан учрашувда Явон ГЭСи, Садир Жапаров билан мулоқотда эса Қамбарота-1 ГЭСини қуриш ишларини тезроқ бошлаш муҳимлиги қайд этилди.