Ўзбекистон | 09:32 / 17.09.2022
6159
3 дақиқада ўқилади

Жиноят кодексига янги нормаларни киритиш режалаштирилмоқда

“Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Қонун лойиҳаси 5 та моддадан иборат бўлиб, унда Жиноят кодексига ахборотни ноошкора тарзда тўплашга ихтисослашган махсус воситаларни Ўзбекистонга олиб кириш, ишлаб чиқариш, сақлаш, ўтказиш ва фойдаланиш қилмишлари учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини белгиловчи нормалар киритилмоқда.

Лойиҳада банк картаси ёки бошқа тўлов карталарини қалбакилаштириш ёки улардан фойдаланиш ҳолатларига ҳамда банк картаси ёки бошқа тўлов карталарини, ичига микросхема ўрнатилган идентификациялаш модулларини қалбакилаштиришга мўлжалланган махсус техник воситаларни олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, ўтказиш ёки улардан фойдаланиш ҳаракатлари учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Электрон тўлов воситаларидан пул маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ қилмишлар алоҳида жиноят сифатида белгиланмоқда ва унда ахборот технологияларидан фойдаланиб ёки ахборот тизимига рухсатсиз кирган ҳолда ўзгалар мулкини ўғрилик ёхуд фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш жиноятлари қамраб олинмоқда.

Мобил қурилма халқаро ўзига хос идентификация кодини ёки абонент қурилмаси идентификациялаш модулини қонунга хилоф тарзда ўзгартириш ҳаракатлари учун дастлаб маъмурий, ушбу қилмиш бир йил давомида такроран содир этилганда жиноят жавобгарлик белгиланмоқда.

Лойиҳада, ҳозирда учраётган товламачилик янги шаклларини, хусусан, компьютер маълумотларини йўқ қилиш, ўзгартириш, олиб қўйиш ёки тўсиб қўйиш билан ҳамда шахсга доир маълумотлар асосида замонавий технологиялар ёрдамида тайёрланган жабрланувчини шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиб, унинг мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш ҳолатларини қамраб олувчи ўзгартириш киритилмоқда, ушбу жиноят интернетдан фойдаланиб содир этилишини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида малакаланиши белгиланмоқда.

Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни такроран олиб юрганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Билдирилишича, қонун лойиҳаси қабул қилиниши шахс ҳаёти ва соғлигига юзага келиши мумкин бўлган таҳдидлар олди олиниши, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш ҳолатлари ва давлат сирларини ошкор қилишга сабаб бўлувчи омиллардан бири бартараф этилишига, фуқаролар мулкини жиноий йўллар билан талон-торож қилиш жиноятлари камайишига хизмат қилади.

Мавзуга оид