Икки мамлакат ҳукуматлари якшанба куни берган баёнотларга кўра, можаро қурбонлари сони 94 нафарни ташкил этмоқда. Қирғизистон ҳукумати Боткен областининг чегара ҳудудидаги қарама-қаршилик оқибатида 59 киши ҳалок бўлгани, яна 144 киши яралангани ҳақида маълумот берган.
Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўз томони йўқотишлари тўғрисида маълумот берди. Вазирликнинг фейсбукдаги саҳифасида мамлакат фуқароларидан 35 киши ҳалок бўлгани ва 25 киши яралангани, улар орасида аёллар ва болалар ҳам борлиги айтилган.
Томонлар бир-бирини жанглар вақтида танклар, миномётлар, реактив артиллерия ва жанговар дронлардан фойдаланганликда айбламоқда.
Қирғизистон ҳукумати Тожикистон қуролли кучлари маълум вақт давомида чегарадаги бир қанча қишлоқларини эгаллаб олгани, кейинроқ бу ҳудудларни тарк этгани ҳақида маълум қилган. Жума куни Қирғизистоннинг чегарадан 10 километр масофада жойлашган Боткен шаҳрига Тожикистон томонидан ракета зарбалари келиб тушган. Бундан ташқари, Қирғизистон ҳукумати тожик чегарачилари Ўш вилояти ҳудудида қирғизларнинг чегара нарядларини ўққа тутганини хабар қилган. Можаро бошланган вақтда Қирғизистоннинг чегара ҳудудларидан 137 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган (айни вақтга келиб уларнинг бир қисми уйга қайта бошлаган). 19 сентябр Қирғизистонда миллий мотам куни деб эълон қилинди.
Тожикистон қирғиз қуролли кучларини дрон орқали масжидни ўққа тутгани, натижада 12 киши ҳалок бўлганини хабар қилган. Расмий Душанбе мактаб ва тез ёрдам машинаси ўққа тутилиши оқибатида ҳам одамлар ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берган.
Қарама-қаршилик бошланишидан кўп вақт ўтмай томонлар ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олганди, аммо, Қирғизистон ҳукумати баёнотига кўра, вазият фақат якшанба кунига келиб бироз сокинлашган. Қирғизистон ҳукумати вакиллари икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари чегарадаги участкалардан бирида биргаликда навбатчилик қила бошлаганини хабар қилган.
Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида низолар доимий равишда юзага келиб туради, аммо бу сафарги кескинлашув сўнгги вақтлардаги энг қонлиси бўлмоқда. Сўнгги бор томонларнинг бундай шиддатли қарама-қаршилиги 2021 йил апрелида рўй берган ва ўшанда икки томондан 55 киши ҳалок бўлиб, 205 киши яраланганди.
Ўшанда маҳаллий аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган, қайтганида эса уйлари ўрнида култепаларни кўрган. Икки мамлакат ҳукуматлари вайрон бўлган инфратузилмаларни тиклашга эътибор қаратади, аммо сўнгги кунлардаги воқеалар вақтида янги қурилган уйларнинг кўп қисми яна ёниб кетган.



















