Таҳлилчиларга кўра, Путин Хитой раҳбаридан Украинадаги уруш бўйича кутилган қўлловни ололмаган.
Камолиддин Раббимов: Ўйлашимча, ҳақиқий фикр алмашишлар ёпиқ эшиклар ортида бўлди. Бунда Россия президенти ташаббусни қўлга олиб, вазиятни ўз манфаатига расмийлаштиришга ҳаракат қилди. Яъни Хитой раҳбарига Украина масаласидаги қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирди. Аслида, Украина масаласида Хитой жуда ҳам эҳтиёткор.
Унинг Украина масаласида позицияси икки таркибий қисмдан иборат: глобал геосиёсат. Бу масалада Хитой Россия томонида. Чунки у НАТОнинг кенгайишини ва ғарб агрессив геосиёсатини ҳамиша танқид қилади. Лекин ШҲТнинг энг марказий қадрияти бу – давлатлар ҳудудий яхлитлиги. Бу масалада Хитой ҳеч қачон компромиссга бормайди. Чунки Хитой кўп таркибли миллатлар давлати ҳисобланади. Унинг ичида Тибет бор, уйғурлар бор. Яъни жуда кўп миллатлар, халқлар ва уларнинг ҳудудлари бор.

Хитой учун ШҲТни тузишдан стратегик мақсад ташқи дунёдан, жумладан, постсовет ҳудуди ва Марказий Осиёдаги сиёсий қарашларни назорат қилиш ва Хитой ичкарисидаги сепаратизм қўллаб-қувватловига йўл қўймасликдир. Украина масаласидаги Хитойнинг иккинчи позицияси бу – Украина яхлитлиги. Хитойда шундай зиддият бор. Бир томондан, геосиёсий масалада коллектив ғарбга қарши туриш, иккинчи томондан, Украина яхлитлигини қўллаб-қувватлаш.
Россия ва Хитой орасида ОАВ наздида бамисоли дўстлик бордек эди. Лекин Хитой ғарб томондан қўлланган санкцияларни қўллаб-қувватлаяпти ва тан оляпти, шунингдек, Россия сўраган тўлақонли ёрдамларни шу пайтгача бергани йўқ. Лекин санкцияларнинг ҳаммасини тўлақонли ишга ҳам солаётгани йўқ. Бу ерда Хитой позицияси зиддиятли ва ўта эҳтиёткор. Чунки Хитойнинг Россия билан савдо-иқтисодий алоқалари ғарб давлатлари билан бир неча 10 баробар катта. Улар ичида энг катта савдо айланмаси АҚШ билан амалга оширилиб келинади. Хитой Россия мисолида кўрдики, масалаларни уруш билан ҳал қилиш тескари эффект беради. Қўшимча санкцияларга олиб келади. Давлатнинг геосиёсий мажруҳланишига сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун ўйлайманки, расмий Пекиннинг Тайван борасидаги қарашлари бугун ўзгаряпти. У трансформацияга учраяпти. У кейинчалик яна куч билан қайтариб олишга ҳаракат қилиши мумкин. Лекин Россия Украина ўртасидаги уруш оқибатларини ўзида ҳис қилиб кўряпти деб ўйлайман.
Путин вазиятни ташқи дунё учун ўзига оғдиришга ҳаракат қилди. Яъни миннатдорчилик билдириши ортидан бамисоли Хитой Россияни қўллаб-қувватлаётгандек фон уйғотишга уринди. Лекин аслида вазият ундай эмас.












