Ўзбекистон | 10:29 / 20.09.2022
6791
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Испания сув хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширади

Ўзбекистон ва Испания сув хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Фото: Dunyo

Жаҳон банкининг “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. 2-босқич” лойиҳасини амалга ошириш доирасида сув хўжалиги қонунчилиги, сув ресурсларини бошқариш, ташкилий, институционал, ҳуқуқий тузилмалар, сув ресурсларини молиявий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш механизмини ўрганиш мақсадида мамлакат делегацияси амалий сафар билан Испанияда бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Сафар доирасида элчихонада делегация аъзолари Испаниянинг GEDEPSA S.A. промоутерлик ва консалтинг компанияси вакиллари билан учрашди. GEDEPSA S.A. ваколатхонаси Ўзбекистонда Испаниянинг сув-экология, саноат, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларида фаолият юритувчи йирик компаниялари таълим ва илмий муассасаларни жалб қилган ҳолда лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этади.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази директори Бахтиёр Камолов ва GEDEPSA S.A. президенти Алxандро Пастрана Молеро ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Ҳужжатда сув таъминоти самарали тизимларини яратиш, сув ресурсларини истеъмол қилиш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув хўжалиги соҳасида муқобил энергия ресурсларидан фойдаланиш инновацион технологияларини жорий этишга қаратилган қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш учун Испания давлат ва хусусий маблағларини жалб этиш вазифалари белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид