Ўзбекистон | 07:15 / 21.09.2022
8261
3 дақиқада ўқилади

Давлат боғчаларида ягона мавсумий таомномалар ишлаб чиқилади

Жорий йил 20 сентябр куни Сенат кенгаши навбатдаги мажлисида давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқатланишни ташкил этиш тизимидаги муаммоларни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи олдида турган вазифалар кўриб чиқилди.

Фото: Kun.uz

2017 йилда республика бўйича жами 5 211 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб улар сони 28 012 тани ташкил этмоқда. Мазкур муассасаларда бола қамрови 708 минг нафардан қарийб 2 миллион нафар (69,4 фоиз)га етди. 2022 йил 1 январь ҳолатига мамлакатда 6300 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатиб, уларда 1 миллион 276 минг бола қамраб олинган. 1185 та давлат мактабгача таълим ташкилотида овқатланиш аутсорсинг усулида ташкил этилган бўлса, 5145 таси ўз ошхонасига эга.

Сенат раиси Танзила Норбоева тизимдаги ютуқлар билан бирга, қатор камчиликларни ҳам санаб ўтди. Болаларни аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этишда қатор жиддий камчиликлар мавжуд. Уларни назорат қилиш механизмлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Овқатлантириш тизимида инсон омили юқорилиги коррупция ривожланишига сабаб бўлмоқда.

“Ҳокимликлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари пасайтириб қайд этилмоқда. Натижада етказиб бериладиган маҳсулот сифати пасайишига ёки ҳажми камайишига олиб келмоқда. Туман МТБ мутахассислари, давлат МТТ директорлари ва бошқа ходимлари овқатлантириш билан боғлиқ лавозим мажбуриятларини ҳамда ҳуқуқларини билмайди”, - дейди Танзила Норбоева.

Йиғилишда қайд этилган муаммолардан келиб чиқиб таҳлилий материал тайёрлаш зарур экани қайд этилди ва унда ўз аксини топиши лозим бўлган маълумотлар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар берилди.

Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлигига болаларни мавсумга мос равишда овқатлантириш, улар соғлом ва баркамол ўсишини таъминлаш мақсадида давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун ягона мавсумий таомномалар ишлаб чиқиш ва мазкур таомнома бўйича бир бола учун сарфланадиган бир йиллик маблағ миқдорини ҳисоблаш топшириғи берилди.

Сенат Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасига ишчи гуруҳ йиғилишини ташкил этиш ва уни ўтказиш ҳамда мазкур ишчи гуруҳ Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда 10 кун муддатда умумлаштирилган таҳлилий маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Сенатга киритиш зарурлиги белгиланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид