Россияда сафарбарлик эълон қилингач, Қозоғистон урушга боришни истамайдиган ва РФни тарк этишни кўзлаган россияликлар учун асосий йўналишлардан бирига айланди. Чегаранинг узунлиги, бутун чегара бўйлаб ўнлаб назорат-ўтказиш пунктлари мавжудлиги, шунингдек Қозоғистонга Россиянинг ички паспорти билан ҳам кириш имконияти мавжудлиги бунга имкон бермоқда. Қозоғистон ИИВ маълумотига кўра, 22 сентябрдан буён мамлакат ҳудудига кираётган Россия фуқаролари сони одатдагидан (кунига 9-12 минг киши) икки-уч баробар ортган ва қисқа муддат ичида Россиянинг 98 минг фуқароси Қозоғистон ҳудудига ўтган. Йирик шаҳарлар йўналишидаги назорат-ўтказиш пунктларида — Петропавловск, Уральск, Қўстанай ва Атирау — кўп километрлик навбатлар юзага келган.
Россияликлар ёппасига кириб келиши натижасида чегарага яқин жойлашган шаҳарларда турар жой ижараси қимматлашди — тунаш учун жойлар деярли қолмаган. Хусусан, Уральскда бир неча кун ичида ижара нархи уч-тўрт баробар қимматлаб кетди, бир хона учун нархлар бир кунга 25 минг тенгедан (52 доллар/586 минг сўм атрофида) бошланади, меҳмонхона ва ҳостелларда барча жойлар бир неча ҳафтага банд қилиб қўйилган. Омскдан 250 километр масофада жойлашган Петропавловскда бир кунлик квартира учун нархлар саккиз баробар қимматлашган — 5 минг тенгедан 40 минг тенгега (қарийб 84 доллар) етган.
Россиялик муҳожирларга кўнгиллилар ёрдам кўрсатмоқда. Йирик шаҳарлардаги вокзалларда келувчиларга текинга сув, озиқ-овқат маҳсулотлари ва сим-карталар тарқатилмоқда, шунингдек долзарб масалаларда маслаҳатлар берилмоқда. Уральскда маҳаллий Cinema Park кинотеатри ўз залида россияликлар тунаши учун шароит яратиб берган. «Квартиралар учун нархлар ўта қимматлаб кетди, шу туфайли биз тунаш учун майдон беришга қарор қилдик», — деган театр директори. Қўстанайда маҳаллий чатларда айрим шаҳарликлар россияликларга текинга ёки уй ишларида ёрдам эвазига яшаш жой таклиф этишмоқда. Телеграмда россияликларга кўчиш масалаларида маслаҳатлар бериладиган чатлар пайдо бўлмоқда.
Айрим чегара пунктларида такси ҳайдовчилари энг яқин шаҳарларга элтиб қўйиш учун нархларни бир неча бор ошириб юборишди. Шунингдек улар текинга ташишга тайёр бўлган кўнгиллиларга таҳдид қилган ҳолатлар учраган. Квартира эгалари аввалдан яшаб келганлар учун ҳам нархни кўтариб, акс ҳолда уйдан чиқариб юбориш билан таҳдид қилишмоқда. Қозоғистон меҳнат вазирлиги бундай ижарачиларни огоҳлантирди: вазирлик бундай шахсларга квартираларни қандай нархда ижарага беришни белгилай олмаса-да, улар қанча солиқ тўлаётгани билан қизиқиши мумкин.











