Британиялик актёр Саша Барон Коэн 2006 йилда ишланган «Борат» филмидаги шу номли образи учун Қозоғистон аҳолисидан расман узр сўради. Ушбу филм сюжетига кўра, ўйлаб топилган қозоғистонлик журналист Борат Сагдиев ҳужжатли филм суратга олиш учун АҚШга боради, Америка маданияти билан танишади ва кўплаб кулгили вазиятларга тушиб қолади.
Комик актёр Happy Sad Confused подкасти эфирида америкалик журналист Жош Ҳоровиц билан суҳбат чоғида «Али Жи: Мен кимман?» комедиясини ҳам тарғиб қилди (унда Борат образи ҳам қайтган).
У шу ўринда ўзининг машҳур образи Қозоғистонга алоқадор эмаслигини тан олган.
«Мен Қозоғистон халқидан биринчи марта узр сўрамоқчиман. Чунки Боратнинг Қозоғистонга ҳеч қандай алоқаси йўқ», – деди актёр Happy Sad Confused подкасти эфирида.
Актёрнинг тушунтиришича, бу персонаж илк бор BBC учун комедик шоуда пайдо бўлган, кейинроқ эса унинг исми ва миллати шоуни қайси телеканал молиялаштиришига қараб ўзгариб борган.
У навбатдаги комедия устида ишлаётганида «ҳеч ким билмайдиган жой» сифатида Қозоғистонни танлаганини айтади. У ҳатто қозоқча талаффуз қандай бўлишини ҳам билмаслигини таъкидлайди. «Бунинг Борат билан ҳеч қандай алоқаси йўқ, лекин мен барибир ундан фойдаланишда давом этаман, чунки менинг Марказий Осиё акцентлари ҳақидаги билимларим жуда чекланган», – деган у.

Эфирдаги баёнот Коэн ўзи яратган образ учун илк бор узр сўраши бўлди, аммо у филм чиққан вақтдаёқ ўзини оқлашига тўғри келган. «Биз Қозоғистон устидан кулмаяпмиз. Биз мен тасвирлаган Қозоғистон ҳақиқатан ҳам мавжудлигига ишонувчи одамлар устидан куляпмиз», – деганди актёр 2006 йилда Rolling Stone’га берган интервюсида.
Ўтган вақт мобайнида Қозоғистон ҳукумати «Борат»га нисбатан нафратдан уни тушунишгача бўлган йўлни босиб ўтди. 2005 йилда Қозоғистон ТИВ Коэнни судга бериш билан таҳдид қилган ва унинг шоусини Қозоғистон ва унинг халқини халқаро миқёсда бадном қилишга қаратилган «сиёсий буюртма» деб атаганди.
2006 йилда эса, тўлиқ метражли филм чиқиши арафасида мамлакат ҳукумати The New York Times ва International Herald Tribune газеталарига Қозоғистоннинг XXI асрдаги муваффақиятлари ҳақида ҳикоя қилувчи тўрт саҳифали реклама иловасини нашр этиш учун пул тўлайди.

















