Нутқ давомида Тўқаев инфляция, ижтимоий ёрдам, солиқ тизими, йўллар сифати ва давлат бошқарувини ислоҳ қилиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.
2027 йил кенг кўламли қурилиш йили деб эълон қилинди
Тўқаев 2027 йилни Кенг кўламли умумхалқ қурилиши йили деб эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат асосий эътиборини инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли турмуш сифатини ошириш учун шароит яратишга қаратиши керак. Ҳудудларда йўллар қуриш, вокзал ва аэропортларни янгилаш, шифохоналар, спорт мажмуалари, кутубхона ва ижод уйларини барпо этиш режалаштирилган. Шунингдек, уй-жой қурилиши, аҳоли пунктларини газлаштириш ва фуқароларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари давом эттирилади.
Мамлакатни янгилаш учун Миллий жамғармадан 6,5 триллион тенге ($14,3 млрд) йўналтирилади
2029 йил охирига қадар Қозоғистон Миллий жамғармасидан 6,5 триллион тенге ($14,3 млрд) ажратиш режалаштирилган. Президентнинг сўзларига кўра, ушбу маблағлар нафақат молиявий захираларни тўплаш, балки инфратузилмани ривожлантириш ва фуқароларнинг турмуш даражасини юксалтириш учун ҳам сарфланиши лозим. Ижтимоий лойиҳаларга дастлабки 1,5 триллион тенгени ($3,3 млрд) 2027 йил бошида йўналтириш мўлжалланган. Тўқаев инвестициялар замонавий инфратузилмани барпо этиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва фуқаролар ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароит яратишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти 400 миллиард долларга яқинлашади
Прогнозларга кўра, 2026 йилда Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти 400 миллиард долларга яқинлашади, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ эса 19 минг доллардан ошади. Шунингдек, мамлакат иқтисодиёт ҳажми бўйича дунёда 47-ўринни эгаллашни мақсад қилган. Президент келтирган маълумотларга кўра, мамлакатнинг жами молиявий захиралари 130 миллиард долларни ташкил этади. Тўқаев мавжуд ресурсларни инфратузилмани модернизация қилиш, мактаб ва шифохоналар қуриш ҳамда ҳудудларни ривожлантиришга йўналтириш зарурлигини маълум қилди.
Энг кам иш ҳақи 110 минг тенгега оширилади
2027 йил 1 январдан бошлаб Қозоғистонда энг кам иш ҳақи 85 минг тенгедан ($187) 110 минг тенгега ($240) тенгега кўтарилади. Ушбу ташаббус доирасида эълон қилинган маълумотларга кўра, ўзгариш 1,8 миллионга яқин фуқарога тааллуқли бўлади. Хусусан, бюджет соҳасидаги 370 мингдан ортиқ ходимнинг даромадлари ошиши кутилмоқда. Энг кам иш ҳақининг ўзгариши айрим ижтимоий тўловлар, пенсия бадаллари ва давлат жамғармаларига ажратмаларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

















