Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркий давлатлар ташкилотининг Анқарадаги саммитида Россияни мазкур тузилма таркибига киритишни таклиф этди.
«Ташкилотимиз нуфузини ошириш мақсадида Россиянинг ниятига ижобий муносабат билдириш ҳамда унга ушбу форматга қўшилишни ёки ТДТ фаолиятида кузатувчи сифатида иштирок этишни таклиф қилиш тўғри ва адолатли қарор бўлар эди», – деди Тоқаев.
Қозоғистон раҳбари Россия «асрлар давомида туркий дунё билан яқин алоқаларни сақлаб келаётгани»ни қайд этган.
«Бу мамлакат ҳудудида азалдан кўплаб туркий халқлар вакиллари истиқомат қилади. Ҳозирги вақтда Россия Қозоғистон томонидан қўллаб-қувватланаётган „Олтой – туркий цивилизация бешиги“ лойиҳасини илгари сурмоқда. Рус тилидаги кўплаб сўзлар туркий илдизга эга. Умуман олганда, агар Россия туркий мамлакатлар, яъни ташкилотимизнинг бир қисмига айланса, бу барча давлатларимиз учун фойдали бўларди», – дея қўшимча қилган у.
Туркий давлатлар ташкилоти 2009 йилда умумий туркий илдизларга эга мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик учун ташкил этилган. Бугунги кунда унга Ўзбекистон, Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон ва Қирғизистон киради. Туркманистон, Венгрия ва мустақиллиги фақат Туркия томонидан тан олинган Шимолий Кипр Турк Республикаси кузатувчи мақомига эга.
Ташкилот бошқа масалалар қаторида лотин алифбосига асосланган умумий туркий алифбони тарғиб қилади. Бундан ташқари, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев 2025 йилда ТДТ давлатларининг қўшма ҳарбий машғулотларини ўтказишни таклиф қилганди, бу эса Россия Федерациясидаги ҳукуматпараст шарҳловчилар норозилигига сабаб бўлганди.

















