Ўзбекистон | 12:22 / 28.09.2022
1861
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон дориларни рўйхатдан ўтказишни соддалаштиради

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда Қозоғистон бош вазири ўринбосари – савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин бошчилигидаги икки мамлакат делегациялари ўртасида кенгайтирилган таркибдаги музокаралар бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Халқаро саноат кооперацияси маркази (ХСКМ) ташқи ва ички инфратузилмасини ташкил этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини, ХСКМ фаолиятини тартибга солувчи тегишли ҳукуматлараро битимни қисқа муддатда ишлаб чиқишга келишилди.

Томонлар автомобилсозлик, фосфор ва комплекс минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, электротехника саноатида икки давлат ҳудудларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар дори-дармонларни рўйхатдан ўтказишни соддалаштиришга ва форвард шартномалари асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишиб олди.

Темирйўл ва автомобил йўллари диверсификацияси ва икки мамлакат ўртасидаги парвозлар сони кўпайишини назарда тутиб, транспорт ва логистика соҳасида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари таҳлил қилинди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия навбатдаги 20-йиғилишини ҳамда унинг доирасида Тошкент шаҳрида 4-қўшма ҳудудлараро форумни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид