— Россияда бўлганлар учун менинг маслаҳатларим: Иложи бўлса, Россияни тарк этинг. Кетиш имконсиз бўлса, имзоланадиган ҳар қандай ҳужжатларга жуда эҳтиёт бўлинг. Айниқса, имзони сиздан босим остида, ҳужжатни ўқишга имкон бермай, шошилинч равишда олишга уринаётган бўлишса.

Гап шундаки, Сахарово миграция марказида мигрантларга имзолаш учун ҳужжатлар тўплами: патент олиш учун ариза, суғурта полиси, ММ билан шартнома, рус тилини билиш сертификати – катта қоғоз тўплами берилади ва улар ярим дақиқада дарҳол имзоланиши талаб қилинади. Шуларнинг орасига кичик ҳарфларда босилган, ихтиёрий ҳарбий хизматни ўташ учун икки варақдан иборат шартнома қўйишади.

Мигрант унга имзо чекиб, ҳарбий хизматга қабул қилинганини, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 154-моддасини бузганини, жиноят содир этганини – ёлланма аскарга айланганини билмай ҳам қолади.

Шунинг учун ҳаммадан жуда эҳтиёт бўлишни сўрайман. Худди шу нарса вақти-вақти билан полицияда ҳам содир бўлади: озод қилиш шарти сифатида бир варақ қоғозга имзо чекишга мажбур қилишади. Илтимос, у ерда нима ёзилганини тушунмасангиз, имзо қўйманг, расмга олинг ва менга юборинг (Telegram-манзил: @Valentina_Chupik). Мен доим алоқадаман ва сизга ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

Муҳожирлардан ҳар қандай шартномаларни имзолашда жуда эҳтиёт бўлишларини сўрайман, чунки Россия президенти фармонида ғоят қизиқ – 6-банднинг 2-бандости мавжуд бўлиб, у барча сафарбарлик “қўшимча молиялаштиришсиз” амалга оширилиши айтилган. Бу дегани – мудофаа топшириқларини бажараётган одамларга ё умуман пул тўланмайди, ёки энг кам ойлик иш ҳақи тўланади, дегани.

Шунга кўра, мен сизга ҳеч қандай давлат корхоналари ёки бирон бир “мудофаа буюртмаси” корхоналари билан шартнома тузмасликни маслаҳат бераман, чунки сиз шунчаки қулликка тушиб қолишингиз мумкин, қонун сизни маошсиз ишлатишга имкон беради.

Ва такрор айтаман: иложи бўлса, кетинг, яқин келажакда Россияда ҳеч қандай яхши нарса кутилмайди.

— Энди, илтимос, ҳарбий чақирув қоғозини олган одамларга тавсиялар берсангиз.

— Агар сиз чақирув қоғозини олган бўлсангиз ва уни имзолаган бўлсангиз ёки сизнинг қариндошларингиз чақирувга имзо чеккан бўлса, унда чақирилган жойга бормаслик – маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Бу фақат 500 дан 3000 рублгача жарима дегани. Аммо сизни рўйхатга олиш идорасига мажбурий келтиришлари мумкин.