DW нашрининг ёзишича, Чернихив марказига «Бандероль» (S8000) ўқ-дориси билан зарба берилган. У қанотли ракета ва реактив ҳужумкор дрон хусусиятларини бирлаштирган кичик ўлчамли қурол сифатида таърифланган.

Чернихив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Вячеслав Чауснинг маълум қилишича, жароҳатланганлар орасида тўрт нафар бола бор. Улар — 10 ойлик чақалоқ қиз, 10 ёшли қиз ҳамда 16 ва 17 ёшли ўғил болалар.

«Икки бола — ака-сингил оғир аҳволда. Ҳозир жами саккиз киши шифохоналарда. Қолганларга воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган ёки улар амбулатор даволанмоқда», — деб ёзган Чаус Telegram’да.

Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати зарба оддий кўчага берилгани, уйлар, дўконлар ва автомобиллар шикастланганини билдирган. Хизмат баёнотида ҳужумнинг «ҳеч қандай ҳарбий маъноси йўқ»лиги таъкидланган.

Чернихивда 30 октябр мотам куни деб эълон қилинган.

29 октябр куни Днипро шаҳридаги темирйўл вокзали ҳам дрон ҳужумига учраган. Зарба оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлган, яна 14 киши жароҳатланган.

Украина қутқарув хизматининг маълумотларига кўра, шу куни Кременчугга берилган зарбада уч киши ҳаётдан кўз юмган, яна 25 киши жабрланган.

Запорижжяда эса 41 ва 66 ёшли икки эркак жароҳатланган. Уларга тиббий ёрдам кўрсатилган. Фавқулодда вазиятлар хизмати ҳужумлар оқибатида тўртта енгил автомобиль ва очиқ майдонда ёнғин чиққанини билдирган. Шунингдек, омбор биноси, тўртта автомобиль ва тўртта автобус шикастлангани хабар қилинган.

29 октябр оқшомида Харкивнинг Слободск туманига ҳам зарба берилган. Қутқарувчиларнинг маълум қилишича, портлашдан кейин ишлаб чиқариш биноси ва унга туташ ҳудудда ёнғин чиққан. Ёнғиннинг умумий майдони 400 квадрат метрни ташкил этган.

Бошқа бир жойда турли материаллар қолдиқлари 80 квадрат метр майдонда ёнган. Иккита юк автомобили ҳам шикастланган. Ишлаб чиқариш биносида айнан нима сақлангани ва ёнғиннинг аниқ сабаби очиқланмаган. Харкив мэри Игор Терехов туманга «Бандероль» ўқ-дориси билан зарба берилганини маълум қилган.

Киев мэри Виталий Кличконинг билдиришича, 29 октябр кечқурун пойтахтга баллистик ракета билан ҳужум қилинган. Дарница туманидаги омбор биноларига зарба тегиб, ёнғин чиққан.