Жаҳон | 07:59 / 29.09.2022
9909
2 дақиқада ўқилади

Киев «ҳаммани ҳаммага» формуласи бўйича асирлар алмашишга тайёрланмоқда

Киев Москва билан ҳаммани ҳаммага формуласи бўйича асирларни алмашиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси (РББ) раҳбари Кирилл Буданов асирлар оилалари билан учрашувда маълум қилди.

Фото: ТАСС

Унинг сўзларига кўра, музокаралар қийин кечмоқда. Будановнинг қўшимча қилишича, Украина ва Россия Федерацияси асирларининг сўнгги алмашинувига икки ойдан ортиқ вақт давомида тайёргарлик кўрилмоқда. 

Шу билан бирга, Буданов айнан қанча асирлар ҳақида гапираётганини тушунтирмаган. Айни пайтда, Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчукнинг сўзларига кўра, ҳозирда 2,5 минг украиналик Россия асирлигида бўлиб турибди.

Ўз навбатида, Қўшма Штатлар Украинага 1,1 миллиард долларлик янги қурол пакетини тақдим этишини эълон қилди. 

АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, унинг таркибига 18 та HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари ва ўқ-дорилар, 150 та Humvee зирҳли йўлтанламаслари, 150 та тактик машиналар, радарлар, шунингдек, яқинда Россия қўшинлари томонидан қўлланилган Эронда ишлаб чиқарилган зарба берувчи дронларга қарши мудофаа тизимлари киради. 

Бундан олдин Германия Украинага энг янги IRIS-T ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини етказиб бериши хабар қилинганди. Бу ҳақда Германиянинг Украинадаги элчиси Анка Фельдхузен айтиб ўтди.

«Украинска правда» нашрига берган интервьюсида у иккинчи тизим Украинага жорий йилнинг охиригача, яна иккитаси эса кейинги йилнинг бошида келишини айтди. 

Фельдхузеннинг сўзларига кўра, Берлин ваъда қилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳозирда ишлаб чиқарилмоқда. Элчи етказиб беришдаги кечикишлар сиёсий қарорлар билан эмас, балки IRIS-T ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқлигини таъкидлади. 

Мавзуга оид