DW хабарига кўра, Украина Энергетика вазирлиги ва Киев мэри Виталий Кличко бу ҳақда 15 октябр кечқурун маълум қилган.
Вазирлик таъмирлаш бригадалари хавфсизлик шароити имкон бериши билан электр таъминотини тиклашга киришишини билдирган. Кличконинг айтишича, Киев вилоятидаги энергетика объектлари шикастланиши пойтахтнинг айрим ҳудудларида сув босими пасайишига ҳам сабаб бўлган.
Шу куни кечқурун Россия қўшинлари Волин вилоятига ҳам ҳужум қилган. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Роман Романюкнинг маълум қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари учта реактив дронни уриб туширган.
Уриб туширилган дронлар парчалари электр узатиш линияларини шикастлаган. Натижада Луцкда электр ва сув таъминотида узилишлар юзага келган.
Айни пайтда The New York Times Россия Киев, Харкив ва Одессанинг энергетика тизимларини ишдан чиқаришга қаратилган ҳужумлар режасини тайёрлагани ҳақида ёзди. Газета Украина куз бошида европалик расмийларга тақдим этган, қўлга киритилгани айтилган ҳужум режасига таянган.
Нашр келтирган баҳоларга кўра, режа амалга оширилса, ушбу шаҳарлар электр қувватларининг қарийб 90 фоизини йўқотиши, иссиқлик таъминоти ҳам кескин қисқариши мумкин. Сув ва канализация тизимларида ҳам жиддий узилишлар юз бериши эҳтимоли қайд этилган. Бу рақамлар ҳозирги зарарни эмас, эҳтимолий оқибатларни ифодалайди.
Газета манбалари Россия Украинадаги ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, айниқса Patriot тизими учун ракеталар етишмаслигидан фойдаланиши мумкинлигини билдирган.















