BBC ўзбек хизматига Асака шаҳридаги UzAuto Motors заводи ишчиларидан шикоят хати келиб тушган. Нашр шикоят хати эгаси ва унинг уч нафар ҳамкасби билан суҳбатда бўлиб, бу даъволарга муносабатини сўраган.

“Биз, Асака шаҳридаги UzAuto Motors (эски номи GM Uzbekistan) автомобил заводи ишчи ходимлари, заводимизда бўлаётган қонунбузилишлар, инсон ҳуқуқларининг поймол қилинишига жим қараб тура олмай, барча ишлардан кенг оммани хабардор қилиш ва шу орқали қонун ҳимоячиларининг шу масалага эътибор қаратишларини хоҳладик.

Хуллас, барчаси автосаноат тизимига раис этиб прокуратура органи ходими Шавкат Умрзоқов тайинланиши билан бошланди. Аввалига тизимдаги коррупция, автомобил сотишдаги “шапка” муаммоларини ҳал қилиш, иш шароитларини яхшилаб, ойлик маошларни кўтаришни ваъда қилган раис тизимга ўзи билан прокуратура ходимларини олиб кирди. Асосий раҳбарлик лавозимлари автосаноатдан умуман йироқ бўлган орган ходимлари ва уларнинг таниш-билишларига топширилди”, дейди хат муаллифи.

У заводда “ишчилар устидан назорат кескин кучайгани”ни айтиб, ҳолат “ҳақиқий феодализмдан заррача фарқ қилмаётгани”ни билдирган. Ходимнинг фикрича, бунга сабаб – раис ўз олдига жуда катта ишлаб чиқариш режасини қўйганидир.

“Деярли бир йилдан бери икки сменада ишлаётган ишчилар бир ойда 300 соатга яқин ишлашларига тўғри келяпти. Бу ўта даражада юқори. Тўғри, ошиқча иш соатларига ортиқча пул тўлаб бериляпти, лекин тиклаб бўлмас соғлик қўлдан бой берилмоқда. Ишчилар касал бўлиб даволанишга мажбур бўляпти. Ортиқча иш соатлари ҳисобига оддий ишчилар 5-6 миллион маош олмоқда. Ташқаридан қаралса, бу яхши ойлик, лекин ниманинг ҳисобига?! 160-170 соатга 2,5 миллион сўм атрофида ойлик беради. Ишчиларнинг кўпчилиги кредит олади, кредитларни ёпиш учун ҳам ҳар қанча ишлашга рози бўлишяпти.

Иш соатларини қисқартириб ойлик-маошларни ошириш ҳақидаги саволларга эса “хоҳласанг шу, хоҳламасанг катта кўча, ташқарида ишлайман деб юрганлар кўп” деган жавоб қайтаришади раҳбарлар”, – дейди мурожаатчи.

Нашр суҳбатлашган бошқа ишчилар ҳам иш юклама катталиги, лекин ишчилар сони бунга мос эмаслигини айтишган.

Телефон суҳбатида бир завод ишчиси узоқ ишлагани сабабли машина бошқараётганда ўзини билмай, рулда ухлаб қолиш ҳоллари бўлаётганини айтган. У BBC'га ўз меҳнат шартномасида ишлаш соатлари ҳақида нима дейилганидан бехабар эканини билдирган.