Болгарияда бўлиб ўтган парламент сайловларида, дастлабки прогнозларга кўра, собиқ бош вазир Бойко Борисовнинг «Болгариянинг Европа тараққиёти учун фуқаролар» (БЕТФ) консерватив партияси етакчилик қилмоқда. 2 октябр, якшанба куни бўлиб ўтган овоз бериш натижалари бўйича сўров натижаларига кўра, Борисов партияси 24,6 фоиздан 25,5 фоизгача овоз тўпламоқда.
Жорий йил августига қадар ҳукуматни бошқарган Кирил Петковнинг «Ўзгаришларни давом эттирамиз» (ЎДЭ) либерал ҳаракати учун сайловчиларнинг 18,9 фоиздан 19,9 фоизигача овоз берди.
Экспертларнинг фикрича, коалиция музокаралари қийин кечиши мумкин. 2017 йилнинг 4 майидан 2021 йилнинг 12 майигача Болгария бош вазири бўлган Борисов оммавий норозилик намойишлари ортидан истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
Болгарияда бир ярим йил ичида кетма-кет тўртинчи парламент сайловлари ўтказилди. Петков ҳукумати олти ойлик ҳокимиятдан сўнг июнь ойида тўрт партиядан бири коалицияни тарк этгани ва озчилик ҳукуматига ишончсизлик вотуми қабул қилинганидан сўнг қулаган эди. Сайлов кампаниясининг энг муҳим мавзулари Украинадаги уруш ва газ таъминотидаги ноаниқ вазият бўлди.












