Йирик телеканаллар ўтказган сўровлар Айзенкотнинг «Яшар» партияси атрофидаги мухолифат блокига 52–53 та, Нетаняҳунинг «Ликуд» партияси бошчилигидаги блокка эса қарийб 50 та ўрин тегиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
120 ўринли парламентда кўпчилик учун камида 61 та мандат зарур. Шу сабабли ҳукумат тузиш имконияти якуний натижалар ва кейинги коалиция музокараларига боғлиқ бўлади. Экзитполлар расмий сайлов натижаси ҳисобланмайди.
«Ликуд» энг йирик партия бўлиб қолиши мумкин
Алоҳида партиялар кесимида «Ликуд» 24–25 та ўрин билан парламентдаги энг йирик сиёсий кучга айланиши мумкин. «Яшар» эса 21–23 та мандат олиши кутилмоқда.
Сайловда асосий рақобат амалдаги бош вазир Нетаняҳунинг ўнг қанотдаги ҳукумат лагери ва Исроил армияси бош штабининг собиқ раҳбари, ўнг марказчи сиёсатчи Гади Айзенкот бошчилигидаги мухолифат ўртасида кечди.
Соат 19:00 гача сайловчиларнинг 74,3 фоизи овоз берган
Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 74,3 фоизи сайловда қатнашган.
Комиссия бу соат учун бундай юқори иштирок 1973 йилда тегишли статистика юритила бошланганидан буён илк бор қайд этилганини билдирган. Бу якуний иштирок кўрсаткичи эмас.
Овоз бериш вақтини узайтириш сўрови рад этилди
Марказий сайлов комиссияси 27 октябр куни «Ликуд»нинг сайлов участкалари иш вақтини узайтириш ҳақидаги мурожаатини рад этган. Комиссия овоз беришни соат 22:00 дан кейин давом эттиришга зарурат йўқ, деган хулосага келган.
Исроил ОАВга кўра, «Шас» ва «Яҳудий кучи» партиялари ҳам участкалар олдида одамлар кўплигини важ қилиб, муддатни узайтиришни сўраган.
Айзенкотнинг «Яшар» партияси эса бунга қарши чиққан. Партия баёнотида овоз бериш вақтини узайтиришга асос бўладиган фавқулодда ҳодисалар юз бермагани айтилган.
Бу Исроилда ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумидан кейинги илк парламент сайловидир. Мамлакатда 7,3 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга. Кнессетдаги 120 та ўрин учун 30 дан ортиқ партия рўйхатдан ўтган.

















