Ўзбекистон | 10:25 / 03.10.2022
1873
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг Британияга экспорти кенгайтирилади

Буюк Британияда ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари экспортини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси вакиллари Буюк Британия мода ва тўқимачилик ассоциацияси халқаро ҳамкорлик департаменти директори Пол Ангер билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Музокаралардан мақсад ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Британия бозорига экспорт қилишни кенгайтириш, британиялик ритейлерларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш жараёнига жалб этиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Мамлакат йирик брендлари ва корхоналари ҳамда ASOS, boohoo, Very, Net-a-Porter, бошқа йирик ритейлерлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш, кўргазма ва бошқа тадбирларни ташкил қилишда катта тажрибага эга мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ўрганилди. Тўқимачилик соҳасидаги етакчи таълим марказлари ҳисобланган Ҳорфилд ва Брэдфорд шаҳарлари университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга кўмаклашишга тайёрлик билдирилди.

Британия мода ва тўқимачилик ассоциацияси 2009 йилда Британия кийим-кечак саноати ассоциацияси ва UK Fashion Exports ассосиацияси қўшилиши натижасида ташкил топган. Ҳозирги кунга унга 800 дан ортиқ корхона ва компаниялар аъзо. Ассоциация мода ва тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш занжири бир қисми бўлган дизайнерлар, ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, улгуржи ва чакана сотувчиларни бирлаштиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид