Ўтган ҳафта Франция президенти Эммануэл Макрон қиммат нархларда энергия етказиб бериш бўйича шартнома имзолашга тайёрланаётган француз бизнесларига хабар йўллади: буни қилманг.

Компаниялар ҳозирда таклиф қилинаётган «ақлга сиғмайдиган» нархлардан воз кечишлари керак, деди Франция президенти. У Европа ҳукуматлари нархларни ўртача даражага туширишга муваффақ бўлишини таъкидлади.

Франция шимолидаги заводда бинолар учун қопламалар ишлаб чиқарувчи Veta France компаниясининг бош директори Аймерик Ле Жемтел Макроннинг ишонч билан айтган гапларини қабул қила олмади. Veta France табиий газнинг юқори баҳосини қоплаш учун нархларни оширмоқда. Баъзи компаниялар ҳатто фойдасиз бўлиб қолган бир қанча буюртмаларни бекор қилишди. 

«Нархларни пасайтириш жуда қийин. Биз бу қишда ёпилишни хоҳламаймиз, лекин мен хавотирдаман», дейди Ле Жемтел.

Қиш ойлари яқинлашгани сари ҳаво ҳарорати пасайиб бормоқда. Россиядан газ импорт қилиш даражаси эса аввалгига қараганда бир неча баробарга қисқарган. Евроиттифоқ давлатлари энергетика вазирлари нархларни чеклаш учун маблағ тўплаш устида ишламоқда. Жума куни уй хўжаликлари ва корхоналарга янги солиқлар пакетини жорий қилиш масаласи муҳокама қилинади. 

Европа Иттифоқи давлатлари газ омборларини 85 фоиздан кўпроққа тўлдирган бўлса-да, бу бутун қиш мавсуми учун етмаслиги мумкин. 

Тахминан 15та аъзо давлат ЕИнинг энергетика масалалари бўйича комиссари Кадри Симсонга мактуб йўллаб, Иттифоқ миқёсида газнинг улгуржи нархлари чегарасини белгилашни талаб қилишган, чунки корхоналар табиий газ учун ўтган йилгига нисбатан беш баравар кўпроқ харажат қилишга мажбур бўлмоқда.

Таҳлилчилар чуқур рецессия бўлиши муқаррар, дея огоҳлантиришмоқда. Deutsche Bank прогнозларига кўра, евроҳудудда реал ялпи ички маҳсулот ҳажми жорий йилнинг иккинчи чорагига нисбатан 2023 йилнинг мос даврида 3 фоизгача қисқариши мумкин. Евронинг қадрсизланиши ҳам давом этади.

Италияда ўта ўнглар етакчилигидаги альянснинг сайловдаги ғалабасидан сўнг, Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари яшаш харажатларининг ошиб бориши оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариши ва сайловчиларни экстремал партиялар томон яқинлаштириши мумкин бўлган белгиларни диққат билан кузатмоқда.