5 октябр — БМТ томонидан Халқаро ўқитувчилар куни сифатида белгиланган. Ушбу сана муносабати билан ушбу мақолада бу шарафли касбнинг вужудга келиш тарихи, унинг ривожига ҳисса қўшган педагоглар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Ўқитувчилик касбининг пайдо бўлиши
Ўқитувчилар биринчи цивилизациялашган давлатлар — Месопотамия, Миср, Қадимги Aфина, Хитой ва Ҳиндистонда пайдо бўлган. Месопотамияда ўқитувчилар болаларга қадимги Юнонистондаги каби махсус таёқчалар ёрдамида лой лавҳаларга ёзишни ўргатишган. Фақат Грецияда мум билан қопланган ёғоч тахта ишлатилган.
Ҳиндистонда ўқитувчи ролини браҳманлар бажарган. Мисрда ўқитувчилар иши бирмунча қийинроқ бўлган. Боиси, Миср тилидаги 6000 дан ортиқ иероглифларни эслаб қолиш осон эмас. Ўша даврда итоатсиз талабаларни жисмоний жазолаш одатий ҳол эди.
Ўрта асрларда мактабларнинг роли сезиларли даражада пасаяди ва таълим диний хусусиятга эга бўлади. Янги даврда қизлар ва ўғил болалар учун алоҳида мактаблар очилади.
Хотин-қизларга ўқув юртларида ёзиш, ўқиш, одоб-ахлоқ, рақсга тушиш ва уй-рўзғор ишларини ўргатишган. Шунингдек, шеър ёзиш ва ҳикоялар ёзишни машқ қилишган. Йигитларга ҳарбий ишлар, ёзиш, ўқиш, санаш ўргатилган.
XIX–XX асрларда саноатлаштириш билан боғлиқ ҳолда ҳамма жойда, жумладан, қишлоқларда ҳам мактаблар очила бошлади. Aйнан шу даврда педагогик кадрларга бўлган эҳтиёж ортди – ўқитувчилар сони кўпайди, уларга педагогик фаолият ва фанлар ўргатиладиган махсус муассасалар очилди.
«Педагог» сўзи бизгача Қадимги Юнонистондан етиб келган. Ўша вақтлар бу атама болани мактабга олиб борган қулга нисбатан қўлланилган. Aфина ўқитувчисининг вазифалари болага ҳамроҳлик қилиш, уни ҳимоя қилишни ўз ичига олган. Қул ҳеч ким ёки ҳеч нарса боланинг жисмоний ва руҳий ҳолатига зарар етказмаслигига ишонч ҳосил қилиши, ўқув қуроллари жойида бўлишига, шунингдек, одоб-ахлоқига ҳам жавобгар бўлган.
Қадимги Юнонистонда кўпинча бу ишни оғир меҳнатга лаёқатсиз ва эгасининг оиласига садоқати билан ажралиб турадиган қуллар бажарган. Баъзан унга етти ёшга тўлмаган, яъни ҳали мактабга бормаган болани ўқитиш топширилган.
Элладада ўқитувчилар, саводли ва билимли кишилар айниқса, ҳурматга сазовор бўлган. Aфинада фақат ўғил болалар таълим олган бўлса, Спартада қизлар ҳам мактабда ўқиган. Мактаб айниқса Қадимги Aфинада ривожланган бўлиб, у бир неча турларга бўлинган: бошланғич, ўрта мактаб, палестралар ва гимназиялар.











