12:53 / 06.10.2022
9211

Шимолий Корея яна баллистик ракеталарни учирди

Сеул КХДР ҳаракатларини «жиддий провокация» деб атади. Токио қисқа вақт ичида ракеталарнинг такрор учирилишини «мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат» деб ҳисоблади.

Фото: Kyodo

Шимолий Корея ракета синовларини давом эттирди. 6 октябр, пайшанба куни КХДР Япония денгизи томон иккита қисқа масофали баллистик ракета учирди, деб хабар бермоқда «Ёнҳап» агентлиги Жанубий Корея ҳарбийларига таяниб. Ракеталардан бири максимал 80 километр баландликда 350 километр, иккинчиси эса 60 километр максимал баландликда 800 километр учган. Бундай парвозлар Япония ҳукумати томонидан ҳам тасдиқланди.

Жанубий Корея қуролли кучлари бундай хатти-ҳаракатларни «жиддий провокация» деб атади ва бу «нафақат Корея яриморолидаги тинчлик ва барқарорликка, балки халқаро ҳамжамиятга таҳдид солади», дея маълум қилди. Япония бош вазири Фумио Кисида Шимолий Кореянинг қисқа вақт ичида қайта-қайта ракета учиришини «бутунлай қабул қилиб бўлмас ҳолат» деди.

25 сентябрдан бери КХДР олтита ракета синовини ўтказди, деб эслатади dpa агентлиги. 4 октябр, сешанба куни Пхенян ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракетани учирди. Сўнгги беш йил ичида биринчи марта ракета Япония архипелаги устидан учиб ўтди ва бу Токио, Сеул ва халқаро ҳамжамиятнинг бошқа аъзолари норозилигига сабаб бўлди.

Бунга жавобан АҚШ ва Жанубий Корея 5 октябр куни икки марта ер-ер синфидаги ракета синовини ўтказди. «Ёнҳап» агентлиги Жанубий Корея Бош штабига таяниб, Америка ва Жанубий Кореянинг ATACMS ракеталари Япон денгизи томон йўналтирилганини хабар қилди. Айни вақтда Сеул томонидан отилган ракеталардан бири ҳарбий база ҳудудига тушган. Ушбу ҳодисада қурбонлар йўқ.  

Пайшанба кунги ракета учирилиши Шимолий Корея БМТ Хавфсизлик кенгашига қилган мурожаати муносабати билан Қўшма Штатларни қоралаганидан бир соат ўтгач содир бўлди, дея қайд этади Reuters. Пхенян ракета учирилишини АҚШ-Жанубий Корея қўшма машғулотларига қарши чора сифатида кўришини айтди ва бу манёврлар минтақадаги кескинликни кучайтирмоқда, деб ҳисоблади.  

Шимолий Корея, шунингдек, АҚШни USS Ronald Reagan авиаташувчи кемасини Корея яриморолининг шарқий қирғоқларига кўчиргани учун қоралади. Бунгача кема тўрт йил ичида биринчи марта Жанубий Кореяга етиб келди ҳамда Жанубий Корея ва Америка қўшинларининг биргаликдаги денгиз манёврларида қатнашди. «Ёнҳап» агентлиги хабарига кўра, авиаташувчи Жанубий Корея ва Япониянинг халқаро сувларда ўтказаётган машғулотларида иштирок этиши кутилмоқда. 

Top