14:04 / 07.10.2022
4470

Қозонхоналар, кодли қулфлар, ҳожатхоналар: куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун ажратилган 2 трлн сўм нималарга сарфланаётгани айтилди

Ўзбекистонда 2022–2023 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш жараёнлари учун 2 триллион сўм йўналтирилган. АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддилари ушбу маблағ қайси мақсадларда сарфланаётгани, тайёргарлик доирасида қандай ишлар амалга оширилгани ҳақида маълумот берди.

Фото: KUN.UZ

Расмийларнинг қайд этишича, 23 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондининг 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлаш тўғрисида”ги 522-сонли қарори қабул қилинган. Мазкур қарор билан республикада барча йўналишларда иситиш мавсумининг барқарор ўтишини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Хусусан:

  • 2 967 та кўп квартирали уй-жой фонди;
  • 1 815 км узунликдаги ичимлик суви тармоқлари;
  • 1 689 та насос ускунаси;
  • 24 та марказий ва маҳаллий қозонхона;
  • 809 та турли маркадаги қозон;
  • 737 км узунликдаги иссиқлик тармоқлари;
  • 88 080 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари;
  • 29 135 та трансформатор пунктини мукаммал ва жорий таъмирлаш режалаштирилган.

Бугунги кунда ҳукумат қарори параметрлари бўйича куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан 21 та қозонхона, 796 та қозон ва 591 км узунликдаги иссиқлик тармоқларида мукаммал ҳамда жорий таъмирлаш ишлари бажарилган.

Бундан ташқари, иссиқлик таъминоти соҳасида Наманган, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Андижон, Бухоро ва Тошкент вилоятларида модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 62 361 та хонадондан иборат 1 399 та кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи 310 минг нафардан ортиқ аҳоли ҳамда 96 та ижтимоий соҳа объектларига сифатли ва узлуксиз иссиқлик энергияси етказиб берилишига эришилади.

Матбуот анжуманида келтиришича, республикадаги 2 958 та кўп квартирали уйнинг 545 минг квадрат метр том қисми, 2 815 та уйнинг кириш йўлаклари, 1 228 та уй ертўласидаги муҳандислик-коммуникациялари, 1 518 та темир эшик ва 1 518 та кодли қулфлар, 2 655 та электр тақсимловчи шит, 591 та уй ичидаги муҳандислик тармоқлари, 967 та уйнинг фасад қисмини таъмирлаш ва 133 та кўп квартирали уй атрофидаги умумфойдаланишдаги ҳожатхоналар қурилган ва таъмирланган.

«Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан эса жорий йилнинг ўтган даврида 1 806 км узунликдаги ичимлик суви тармоқлари ва 1 728 та насос ускуналари мукаммал ва жорий таъмирланган. 

Top