Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга кўра, бунга йил давомида юз берган жазирама иссиқ сабаб.
“Ўзбекистонда октябр ойи фавқулодда қуруқ ва иссиқ ўтишда давом этмоқда. Йил бўйи кузатилган жазирамалар ва ёғинсиз кунлар афсуски эндиликда ҳавода мавсумий намгарчиликнинг ортиб боришини чеклаб қўймоқда. Шу сабабдан минтақага ташриф буюраётган нам ҳаво оқимларидан ёмғир ҳосил бўлмаяпти. Нам ҳаво оқимлари ҳатто тоғларга ўз қувватини ташлаб кета олмаяпти. Кузнинг учинчи ойи бошланиб ҳам ёғингарчилик бўлмаётганига шу омил бўляпти”, дейди у.
Психологлар фикрича, инсон руҳияти фасллар алмашинувига органик равишда боғланган: куз ёмғирсиз ва ҳаво совимасдан ўтса, мия ўзи кутган “режим”ни ишга туширолмайди. Бу одамлардаги ички беқарорлик, сабабсиз изтироб, тушунарсиз ҳузурсизликка олиб келиши мумкин. Чунки инсон мияси бу номутаносибликни хавф деб қабул қилади.
Бундай иқлим инсон кайфиятига қандай таъсир қилади?
Психологлар кузни руҳий қайта созланиш фасли деб аташади. Аммо табиий ҳукмронлик, яъни ҳазон, ҳидлар, ёмғир, совуқ ҳаво бўлмаганида:
- депрессияга мойил одамларда руҳий чарчоқ ошади
- асабийлик, тўсатдан портлаш ҳолатлари кўпайиши мумкин
- болаларда диққат сусайиши кузатилади
- катталарда умидсизлик, кайфиятсизлик, “рангсиз ҳаёт” ҳисси ортади.
Яъни бу фақат об-ҳаво эмас — одамларнинг кундалик муносабатларигача таъсир қилувчи омил ҳисобланади.
Бир муаммо изидан иккинчиси
Таҳлилчилар фикрича, бу каби узоқ қуруқлик сув танқислигини кучайтиради, қишлоқ хўжалиги иқтисодига зарба бериши, энергия тизимига босимни ошириши ва энг муҳими, инсонларда яширин хавотирни юқори даражага олиб чиқиши мумкин.
Экофаол Ақида ушбу муаммо ортидан яна бир муаммо – сувсизлик ҳам келаётганидан огоҳлантирган:
“Ноябр келяпти ҳамки, ёмғирдан дарак йўқ. Кун иссиқ.
Иқлим ўзгариши — бу келажак ҳақида эмас, бу бугунги кун ҳақида.
Ҳар йили дунё бўйлаб иссиқ тўлқинлар кучаймоқда, ёмғирлар нормадагидан камаймоқда ёки тескариси — сел ва сув тошқинлари кўпаймоқда. Бу табиатнинг сигналидир.







