Жаҳон | 12:25 / 07.10.2022
12906
3 дақиқада ўқилади

«Вагнер» чет элда жангчиларни фаол равишда қидирмоқда - ОАВ

Нашрнинг ёзишича, «вагнерчилар» Украинадаги йўқотишлар туфайли шундай ёллаш йўлига ўтган. ОАВда ёзилишича, «ўлдиришга тайёр» одамлар юқори маош билан жалб этиляпти.

Фото: AFP

Украинадаги йўқотишлар туфайли Вагнер хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) Туркия, Сербия, Чехия, Полша, Венгрия, Германия, Молдова, Канада ва Лотин Америкасида ёлланма аскарларни топиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирди. Бу ҳақда 6 октябр, пайшанба куни Лондонда жойлашган Middle East Eye нашри вазиятдан хабардор манбаларга таяниб маълум қилди.

Унинг маълумотларига кўра, ҳарбийлаштирилган тузилма «Россия армиясининг тартибсизлиги» туфайли Украинада йўқотишларга дучор бўлмоқда. Ишга ёллаш кампанияси Европада яшовчи россиялик олигархлар ва уларнинг маҳаллий уюшган жиноий гуруҳлар билан алоқада бўлган воситачилари орқали амалга оширилаётгани айтилади. Middle East Eye нашрига кўра, чет эллик ёлланма аскарлар юқори маош орқали жалб этиляпти, уларга ойига 10 минг доллар таклиф қилишяпти. Урушдан олдин ойлик тўловлар 3000 доллардан 5000 долларгача бўлган, деб ёзади газета. Бир Middle East Eye манбасининг таъкидлашича, Вагнер ХҲКга «одатда катта ҳарбий тажрибага эга бўлган одамлар ёлланади», аммо ҳозирда ҳарбийлаштирилган гуруҳ «ўлдиришга тайёр ва пулга муҳтож бўлганларни» жалб этишга ҳаракат қилмоқда.

Бир кун аввал АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд Вагнер хусусий ҳарбий компаниясини Марказий Африка Республикаси, Мали, Судан ва бошқа ҳудудларнинг табиий ресурсларидан «Москва уруш машинаси», жумладан, Украинага тажовузни молиялаштириш учун фойдаланганликда айблади. Америка урушни ўрганиш институти (ISW) Вагнер ХҲК Telegram-канал яратганига эътибор қаратди. Таҳлил маркази маълумотларига кўра, ундан ишга қабул қилиш воситаси сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.

Сентябрь ойида SOTA интернет-нашри Вагнер хусусий ҳарбий компанияси Россия колонияларидаги маҳбусларни Украинага жўнатиш учун мажбурлаб ёллаётгани, фронтда олти ой ўтгач, уларга пул ва амнистия ваъда қилингани ҳақида хабар берган эди. Ҳуқуқ фаоли, «Русь сидящая» жамғармаси асосчиси Олга Романованинг DW нашрига берган интервьюсида айтишича, бир қатор ҳолларда маҳбуслар бизнесмен Евгений Пригожин томонидан шахсан жалб қилинади.

Вагнер ХҲКнинг ёлланма аскарлари кўп йиллар давомида Кремль томонидаги турли қуролли можароларда яширин иштирок этганликда гумон қилинган. Москва ҳар доим хусусий ҳарбийлаштирилган гуруҳлар билан алоқаларини рад этиб келади. Шу билан бирга, Россия президенти Владимир Путин билан яқин алоқадор ҳисобланган россиялик тадбиркор Евгений Пригожин сентябр охирида Вагнер ХҲК асосчиси эканлигини тан олди. Унинг сўзларига кўра, у 2014 йилнинг май ойида Донбасс айирмачиларини қўллаб-қувватлаш учун ҳарбийлаштирилган тузилмани яратган.

Мавзуга оид