“Сўнгги вақтларда мамлакатимизга хориждан ташриф буюрувчи фуқароларнинг кескин кўпайиши кузатилмоқда. Хорижий фуқаролар оқимининг ортиши албатта туристик салоҳиятимиз учун ижобий аҳамият касб этади. Шу билан бирга бу жараёнда айрим юртдошларимиз томонидан уй-жой ижараси орқали кўпроқ даромад олиш мақсадида аввал ижарага берилган квартиралардан ижарачиларни мажбурлаб чиқариб юбориш ёки асоссиз равишда нархни ошириш ҳолати кузатилмоқда.
Уй-жой эгаларининг ушбу ҳаракатлари Фуқаролик кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилишига сабаб бўлиши ҳамда квартираларни ижарага беришнинг айрим муҳим ҳуқуқий асослари тўғрисида эслатиб ўтмоқчимиз”, дейилади вазирликнинг “Ҳуқуқий ахборот” Telegram-каналида эълон қилинган эслатмада.
Квартирани ижарага бериш бўйича шартнома шакли
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади.
Бунда шартнома солиқ органларида давлат ҳисобига қўйилиши керак.
Шартномани давлат ҳисобига қўйиш ijara.soliq.uz портали орқали бепул амалга оширилади.
Шартномани давлат ҳисобига қўйиш ижарага берувчининг мажбурияти ҳисобланади ва бу шартнома тузилган кундан 3 кундан кечиктирмай амалга оширилиши керак.
- Ижарага берувчи шартномани давлат солиқ органларида ҳисобга қўймаса БҲМнинг 5 бараваридан (1 млн 500 минг сўмдан) 10 бараваригача (3 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ижара шартномасининг муддати
- Уй-жойни ижарага бериш шартномаси 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади.
Шартномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у 5 йилга тузилган ҳисобланади.
Ижарага олувчи янги муддатга шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.
Ижара учун тўланадиган ҳақ
- Ижара ҳақи миқдори ижарага берувчи ва ижарага олувчининг ўзаро келишувига биноан шартномада белгилаб қўйилади.
















