Туркияда ўтган ампутантлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3-ўринни қўлга киритган матонатли футболчиларимиз Тошкентга қайтишди.

Қаҳрамонларни аэропортда уларнинг оила аъзолари, бир қатор расмийлар, ОАВ вакиллари ва мухлислар кутиб олишди.

Жамоа сардори, 3 карра жаҳон чемпиони Абдужамил Шукуров Туркияга (0:1) қарши яримфиналда мезбонларга «деворлар ҳам ёрдам берганини» таъкидлади: «2007 йилдан бери туркларни доим мағлуб этиб келардик. Лекин улар бу мусобақага йил давомида тайёргарлик кўришди, раҳбарияти катта эътибор қаратди. Охири ўз уйларида биздан устун келишди.

Рақиб тезкор гол уриб, қолган вақт давомида ҳимояланди. Улар фақат биздан хавфсираётганди. Майли, нима бўлса яхшиликка. Совриндорлар қаторига кира олдик. Кейинги мундиалларда ёшларимиз бронзани олтинга айлантиришади, Худо хоҳласа».

Азизхон Азимов Италия (5:1) билан ўйинда — фарзандлари туғилган кунда гол уриш имконини бергани учун жамоадошларидан миннатдор: «Италия билан ўйин куни эгизак фарзандларим туғилди. Йигитлар пенальтини менга бериб, ўзига хос совға қилишди. Голни биргаликда нишонладик».

Жамоанинг ёш аъзоларидан бири Умиджон Сирожиддинов интервью бераётиб, ота-онасини қучоқлаб олди ва кўзида ёш ила уларга ташаккур айтди: «Паралимпия спорт турларидан ҳам таклифлар бўлган, лекин футболни танлаганман. Мени ҳар доим қўллаб-қувватлаган, қаерда бўлсам ҳам, «пулинг борми?» деб қайғурган ота-онамга раҳмат дейман».